Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:25

Қирғизлар қайси ҳудуд минадан тозаланганидан бехабар


Хабарларга қараганда, Қирғизистоннинг Боткен вилояти мутасаддилари Ўзбекистон томонининг икки давлат чегарасидаги ҳудудларни минадан тозалаш режаси ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаётганидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистон 1999 йилда Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни миналаштиришга киришганди. Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг мамлакатга кириб келиш хавфини бартараф этиш, наркотрафикнинг олдини олиш бунга сабаб бўлгани айтилганди.

Ўз вақтида расмий Бишкек Қирғизистон чегарасининг 150-200 метр ичкари қисми ҳам ўзбек ҳарбийлари томонидан миналаштирилгани ва бу ҳудудлар аҳоли яшаш жойларига анча яқин эканидан ташвиш билдирган эди.

Ўзбекистон ҳукумати Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгашининг жорий йил июнь ойида Венада бўлиб ўтган йиғилишида миналаштирилган ҳудудларни тозалашга киришишини маълум қилганди.

Расмийлар август ойи ўрталарида миналардан тозалаш ишлари бошланиши ҳақида баёнот берган эди.

Айни пайтда Қирғизистон расмийлари минадан тозалашга киришилгани ёки киришилмагани, қайси ҳудудлар тозаланиб бўлингани ҳақида Ўзбекистон томони расмий маълумот бермаётганини таъкидламоқда.

“Озодлик” мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Комилжон Жабборовнинг сўзларига қараганда, айни пайтда минали ҳудудларни тозалаш ишлари давом этяпти. Агар Қирғизистон томони бу ҳақда маълумотга эга бўлмаса, расмий каналлар орқали Ўзбекистон томони билан боғланиб, ахборот олиш имконияти мавжуд.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон томони чегара ҳудудларни минадан тозалаш ишларига Қирғизистон вакилларининг иштироки шарт эмас, деб ҳисобламоқда. Қирғизистон эса мазкур жараённи бевосита кузатиб боришни истаётир.

К.Жабборовнинг таъкидлашича, Қирғизистондан Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига бу ҳақда ҳеч қандай мурожаат бўлмаган.

Яқинда Қирғизистоннинг Боткент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси вакиласи Валерия Колесова ўзбекистонлик ҳарбийлар Шоҳимардон қишлоғи теграсидаги ҳудудларни минадан тозалаш ишларини якунлагани ҳақида хабар берган эди. У бу ҳақда расмий баёнот берилмаганини ҳам эслатиб ўтганди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакили эса қанча ҳудуд минадан тозаланганию, бу ишлар қачон якунланиши ҳақида ҳозирча маълумот бера олмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG