Линклар

logo-print

Наманганда вилоят ҳокими ўзгарди


17 сентябрь куни Наманган вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашди ва маъруза қилди.

Мамлакат Президенти Наманган вилоятида юзага келган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида гапирди.

“Учқўрғон тумани ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Мамадалиев турмуш ўртоғи номига 20 гектар, туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдуғаниев ўз ўғли номига 20 гектар ерни расмийлаштирган. Маматов деган одам вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ходими Абдураҳмоновга 17 гектар, ўз куёви Маъриповга эса 5 гектар, “Косонсой” ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Каримовнинг ўғлига 7 гектар ер ажратиб берган. Ўзингиз ўйланг, аҳоли ўта зич яшайдиган, ер танқис бўлган бир шароитда шундай адолатсиз ишларга йўл қўйилса, авваламбор раҳбарларнинг ўзи шунга бош бўлса, қонунни ҳам, инсофу диёнатни ҳам унутса, оддий одамлар дардини кимга айтади”, - деди Президент ўз маърузасида.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. 1996 йил октябрдан буён Наманган вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Тўлқин Жабборов ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келаётган Икромхон Нажмиддинов Президент тавсиясига кўра Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

И.Нажмиддинов бир неча йиллар давомида Тўрақўрғон тумани ҳокими ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Маҳаллий кузатувчилар И.Нажмиддинов вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаганида прокуратура билан биргаликда фермерлар ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилишига қарши кўплаб ишларни амалга оширганини эсламоқда.

“Эрк” демократик партияси Наманган вилояти бўлими котиби Ғуломжон Холматовнинг таъкидлашича, вилоят ҳокимларини ўзгартириш орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий аҳволни яхшилаш жуда мушкул. Мамлакатда демократик ўзгаришларни амалга ошириш учун янги шароит юзага келиши керак. Муҳит ўзгармас экан эски кадрларнинг хатолари такрорланаверади.

Оддий фуқаролар ҳам ҳоким ўзгаргани халқнинг фуқаролар аҳволини ўнглашига шубҳа билдиряпти.
XS
SM
MD
LG