Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:47

ЭРОН РЕЗОЛЮЦИЯНИ РАД ЭТДИ


Якшанба куни Эрон ҳукумати Халқаро атом энергияси агентлигининг бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатиш талаби қўйилган резолюциясини рад этди. Бундан илгари Қўшма Штатлар Эрон ядровий қурол яратиш мақсадида бойитилган уран ишлаб чиқармоқда, деган хавотирларни бир неча бор билдирган эди. Аммо, Теҳрон ҳукумати ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаб, резолюцияни рад этди.

Ташкилотнинг ўтган хафта Венада ўтган йиғилишида бир овоздан маъқулланган бу резолюцияда Эрон Ядровий дастури ҳарбий мақсадни кўзлаганми ёки электр қувватини ишлаб чиқаришга йўналтирилганми, қандай бўлмасин бойитилган уран ишлаб чиқариш ва бунинг учун зарур мосламалар яратишни тўхтатиши кераклиги таъкидланади. Эрон эса бойитилган уран ишлаб чиқаришни ўтган йил Теҳрон расмийларининг катта учлик деб аталувчи Франция, Британия ва Германия Ташқи ишлар вазирлари билан учрашувидан сўнг тўхтатиб қўйганини ва ҳозир ҳам ўша қарори кучда эканини айтган. Халқаро Атом Энергияси Агентлиги эса бунга тескари фикрда. Яъни, Эрон ҳали ҳам бойитилган уран ишлаб чиқаришга интилатгани ҳақида жиддий гумонлар бор.

Июл ойида БМТ инспекторлари Эронда текширув олиб бориб, бу мамлакат уранни бойитишда қўлланиладиган центрифугалар ишлаб чиқараётгани борасида далиллар тўплаган. Ўшанда Теҳрон ҳукумати буни тан олган эди. Бир ой аввал эса Эрон "Шахаб-3" русумидаги янги баллестик ракеталарни синаб кўргач эса, Теҳронинг ядровий дастури ҳарбий мақсадларга йўналган бўлиши мумкин, деган шубҳалар янада кучайди.


Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси, Олий Мажлис Хавфсизлик Кенгаши Бош Котиби Хасан Руҳаний Венада эълон қилди. Агар, деди Руханий, Халқаро Атом Энергияси Агентлиги Эронга санкция жорий этиш масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашига оширгудек бўлса, Теҳрон БМТ инспекторлари билан ҳамкорликни тўхтатади. Маълумки, Эрон Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган. Аммо унга қўшимча протоколни Эрон парламенти шу пайтга қадар ратификация қилмаган. Шу боис, Рухоний ҳеч қандай халқаро ташкилот Теҳронни бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбурлай олмаслигини айтди.
"Эрон Ислом Республикаси ҳеч қачон бойитилган уран ишлаб чиқармаслик тўғрисида ҳеч қанақа мажбурият олмаган. Ва бу Теҳроннинг баёнотида аниқ ифодасини топган. Эрон бу ҳаракатни фақатгина кўнгилли равишда, ХАЭА билан ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун амалга ошириши мумкин", - деди Рухоний.
Рухоний яна шуни ҳам айтдики, агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши Теҳронни жазоловчи резолюция билан чиққудек бўлса, Эрон Шимолий Корея йўлини тутиб, Ядровий қуролни тарқатмаслик шартномасидан чиқади. 2003 йил бошида Шимолий Корея ядровий қуролни тарқатмаслик шартномасидан чиққан эди.
XS
SM
MD
LG