Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

Кузатувчилар Мажлисга ўтказилган сайловларга баҳо бермоқда


Қозоғистон Республикаси Парламенти икки палатасидан бири – Мажлис депутатлигига 19 сентябрь куни ўтказилган сайловларни кузатган бир қатор ташкилотлар ўз хулосаларини эълон қилди. Берилган баҳолар бир-бирини инкор этадиган даражада: баъзи кузатувчилар парламент сайловлари ошкора ҳамда қонун доирасида ўтказилди деса, бошқалари демократик принциплар қўпол равишда бузилди, деган фикрни билдирмоқда.

Қозоғистон парламентига сайловларни кузатганлар орасида МДҲга кирувчи 11 мамлакат вакиллари ҳам бор эди. Улар 19 сентябрь куни республиканинг 67 сайлов округидан 63 тасида овоз бериш жараёнини кузатди. МДҲ кузатувчилари миссияси раҳбари Владимир Рушайлога кўра, сайлов, асосан, мамлакат қонунларига риоя қилинган тарзда ўтказилди.

"Бироқ, айни пайтда қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди, - деди у,- овоз бериш пайтида айрим камчиликларга йўл қўйилгани, масалан, электрон овоз бериш тизими элементлари ишдан чиққани, баъзи ҳолатларда бюллетень қутиларини муҳрлаш пайтида белгиланган тартибга риоя қилинмагани, сайловчилар рўйхатлари сифатсиз тузилгани, депутатликка номзодлар тўғрисида маълумот йўқлиги кузатилди".

Украина парламенти депутати Леонид Исаевнинг фикрича, сайловчилар рўйхатини тузишда жиддий камчиликларга йўл қўйилган.
Қозоғистон парламент сайловларини кузатган туркиялик 24 кузатувчидан бири, Туркия Миллий Мажлиси депутати Режеп Ўзал ҳам украиналик кузатувчининг фикрларига қўшилар экан, баъзи сайловчилар рўйхатлардан ўз исми-фамилиясини тополмаганига гувоҳ бўлганини айтди.

Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Стар ва бошқа бир қатор кузатувчилар фикрича, "йўл қўйилган баъзи камчиликларга қарамай, 19 сентябрь кунги сайловлар мамлакат қонунлари доирасида ўтказилган, демократик принциплар бузилмаган".

Қозоғистон парламентига сайловларни Европа Кенгашининг 330 кишидан иборат гуруҳи ҳам кузатган. Нью-Таймс газетасига кўра, бу гуруҳ аввалги сайловларга қараганда бу гал кўпроқ партияга сайловга қатнашишга имкон берилганини эътироф этган, бироқ расмийлар, айниқса, маҳаллий амалдорлар, жойлардаги сайлов комиссиялари аъзолари оддий сайловчиларга босим ўтказганини таъкидлаган.

Мана шунга ўхшаш фикрни маҳаллий Мустақил кузатувчилар тармоғи раҳбари Дос Қасин ҳам билдирган. Мамлакат бўйлаб 2000 нафар кузатувчиси сайловларда иштирок этган гуруҳ раҳбари "Сайловни тайёргарликсиз бошлашнинг ва сайлов комиссиялари сохтакорлигининг бу даражада бўлганини ҳеч қачон кўрмаганман", деган.

Қозоғистонда бўлиб ўтган парламент сайловларини Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ҳам кузатди. ЕҲХТ Парламент Ассамблеяси кузатувчилари миссияси раҳбари Игорь Осташ душанба куни Остонада ўтказилган матбуот анжуманида бундай деди:

"19 сентябрь куни Қозоғистон Парламентига ўтказилган сайловлар ЕҲХТ ва Европа Кенгашининг демократик сайловлар ўтказиш бўйича стандартларига мос бўлмади. Электрон овоз бериш тизими воситаси билан сайлов ўтказиш масаласи бўйича қарор қабул қилишда ошкоралик бўлмади".
XS
SM
MD
LG