Линклар

logo-print

Бўритош Мустафоев: “Ўзбекистонда мухолиф партия йўқ”

  • Барно Анвар

20 сентябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Олий Мажлисига, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланиши муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Бўритош Мустафоев журналистларга 2004 йил 26 декабрда ўтказиладиган сайлов тартиб-қоидалари, сайлов кампанияси олиб борилишига тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берди.

Унинг билдиришича, Президент девони матбуот хизмати ходими Шерзод Қудратхўжаев Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайлов кампанияси ёритиш бўйича Республика матбуот маркази раҳбарлигига тайинланган.

МСК раисининг сўзларига қараганда, 20 сентябрь куни Қонунчилик палатасига сайлов учун сайловолди кампанияси бошланди. Сайлов ўтказиш учун 120 та ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округида ўртача 119 минг 600 нафар сайловчи бўлиши белгиланган. Округлар рўйхати ва сайловчилар сони 12 октябргача матбуотда эълон қилинади.

Б.Мустафоевнинг айтишича, сиёсий партиялар тегишли ҳужжатларни 17 октябрга қадар МСКга тақдим этиши лозим. Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш 20 октябрдан бошланади ва 10 ноябрда якунланади.

МСК раиси сайловда мухолифатдаги партиялар иштирок этмаслиги унинг адолатли ва демократик ўтишини таъминлайдими, деган саволга: “Ўзбекистон сиз айтаётган, ўйлаётган мухолиф партия ўзи борми? Йўқ”, дея жавоб қайтарди.

Б.Мустафоевнинг таъкидлашича, сиёсий партиялар сайловолди кампанияси учун давлат бюджетидан ҳам маблағ олади. Уларнинг қанча олиши ҳозирча тахминан ҳисоб-китоб қилинган. 35 кун давомида сайловолди кампаниясида иштирок этадиган ҳар бир номзодга тахминан 2,5 миллион сўм маблағ ажратилади. Агар партия 120 та номзод кўрсатса, унга давлат томонидан қарийб 310 миллион сўм берилади. Бирор партия 10 та номзод кўрсатса, шунга яраша маблағ олади.

18 сентябрь куни матбуотда эълон қилинган қонунга кўра, ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозим. Матбуот анжуманида таъкидланишича, бу Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига катта эътибор берилаётганининг исботидир.
XS
SM
MD
LG