Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Дарёларни ифлосланишдан сақланг


Ҳакимбек 20 сентябр куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида қонунчилик ҳужжатларини ўзгартириш орқали дарёларни ифлосланишдан сақлаш бўйича “Дарё барча учун - ҳамма дарё учун” шиори остида ўтказилаётган кампаниянинг якуний анжумани бўлиб ўтди.

Унда халқаро ва маҳаллий экологик ташкилотлар ходимлари, мустақил тадқиқотчилар, Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари иштирок этди. Улар Нукусдаги “Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш иттифоқи” бошчилигида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари коалицияси мамлакатда сув ресурсларининг ифлосланиши сабабларини аниқлаш юзасидан олиб олган тадқиқотлари натижаларини таҳлил этди, бу борада бажарилиши лозим бўлган ишларни муҳокама қилди.

Анжуман иштирокчилари мамлакатда сувнинг ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларни Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, Президент девори, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга тақдим этишини билдирди.

Анжуманда таъкиланишича, тадқиқотлар давомида Сирдарё, Амударё ва Зарафшон дарёлари сувининг кимёвий таркиби ўрганилган.

Тадқиқотларни ўтказиш бўйича лойиҳа бошлиғи Юсуф Камолов сўзларига қараганда, тадқиқотлар мазкур дарёлар суви кучли ифлосланганини кўрсатган. Кимёвий текширувлар сув таркибидаги зарарли моддалар рухсат этилган меъёрлардан ошиб бораётганидан дарак беради.

“Сув таркибини ўрганиш бўйича баъзи текширувлар умуман ўтказилмаслиги масаласи ўртага чиқмоқда. Масалан, диоксин бўйича текширув ўтказилмайди. Ҳозир бизда синтетик буюмлар ёқилиши натижасида сув, ҳаво, тупроқ таркибида диоксин миқдори кўпаймоқда. Тўғри, бу турдаги текширувни ўтказиш анча қиммат туради. Лекин диоксиннинг инсон соғлиғи учун зарари бошқа моддаларга қараганда кучли эканини унутмаслик керак”, деди Ю.Камолов.

Ю.Камоловнинг билдиришича, лойиҳа асосида тадқиқотлар ўтказишда бир қанча тўсиқларга дуч келинган. Мазкур лойиҳа учун халқаро ташкилотлардан грант олинган. Бу маблағ банк томонидан қаттиқ назорат қилинган. Уни ишлатиш учун баъзи идораларининг рухсатини кутишга тўғри келган. Бу эса ҳукуматнинг нодавлат ташкилотларга ишонмаслигидан далолат беради.

“Экологик тоза Фарғона учун” уюшмаси, асосан, Фарғона водийсида сув ресурсларининг ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни ўрганади. Уюшма раҳбари Иброҳим Домлажоновнинг айтишича, водийдаги кўплаб завод ва фабрикаларнинг тўла қувват билан ишламаётгани бу ҳудудда сув ресурслари ифлосланиши даражасини бир қадар камайтирган. Зеро, сув ресурслари ифлосланишининг биринчи омили ишлаб чиқариш корхоналаридир.

Ю.Камоловнинг билдиришича, сув ресурсларининг ифлосланиши кишилар ўртасида турли касалликларнинг кўпайиши, тупроқ унумдорлиги пасайиши, ҳайвонот ва ўсимликлар оламининг қирилиб бориши каби долзарб муаммоларга сабаб бўлади.

Қонунчилик ҳужжатларини ўзгартириш орқали дарёларни ифлосланишдан сақлаш кампанияси 2004 йилнинг февраль ойидан буён давом этмоқда. Мазкур лойиҳа Нукусдаги “Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш иттифоқи”, Фарғонадаги “Экологик тоза Фарғона учун”, Тошкентдаги “Логос” ҳамда “Ҳаёт”, Самарқанддаги “Зарафшон” нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД ва “Коунтерпарт интернешнл” ташкилоти томонидан молиялаштирилган.
XS
SM
MD
LG