Линклар

Марҳамат туманида ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинди


Шайбон Хабарларга кўра, куни-кеча Андижон вилояти Марҳамат туманида “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг икки аъзоси ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Марҳамат тумани бўлими раиси ҳибсга олинган.

“Озодлик” радиосининг Андижондаги ҳамкори Турғунбекнинг хабар беришича, “Эзгулик” аъзоси Дилмурод Муҳиддиновга ўн кунлик маъмурий жазо белгиланган ва айни пайтда у ҳисбда сақланмоқда. Унинг устидан суд кечки соат 20.00 дан сўнг бўлиб ўтган. Жамиятнинг вилоят бўлими раиси ўринбосари Абдуғаффор Дадабоев устидан ҳам маъмурий иш қўзғатилган бўлиб, ҳозирча суд ўтказилгани йўқ. “Эзгулик”нинг Андижон вилояти бўлими раиси Музаффармирзо Исҳоқовнинг айтишича, унга тартиббузарлик, майда безорилик ва ноқонуний намойиш ташкил этиш каби айблар қўйилган.

“Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятованинг таъкидлашича, ҳуқуқ-тартибот органларининг бундай хатти-ҳаракатлари ортида жамият аъзоларига тазйиқ ўтказиш нияти яширинган. Айни пайтда жамиятнинг Навоий вилояти бўлими раисаси Манзура Ражабовага нисбатан ҳам ички ишлар, прокуратура, вилоят ҳокимлиги вакиллари томонидан очиқдан-очиқ тазйиқлар ўтказиляпти.

“Эзгулик” жамияти Адлия вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинган ташкилот ҳисобланади. Унда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жамият аъзоларига тазйиқ ўтказиши боиси нимада?

В.Иноятованинг айтишича, жамият ўз сайти орқали Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича аниқ ҳолатларни жамоатчиликка етказмоқда. Бу ишлар ҳукумат идораларига ёқмаётган бўлиши мумкин. Қолаверса, парламент сайлови олдидан фуқароларнинг муаммолари кўтариб чиқилаётгани уларни қониқтирмаётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Адлия вазирлиги вакили Жалол Абдусатторовнинг сўзларига қараганда, “Эзгулик”нинг икки аъзоси ҳибсга олингани ҳақида вазирликда ҳеч қандай маълумот йўқ. Жамиятининг Навоий вилояти бўлими вакилларига тазйиқлар масаласи эса ҳал этилган ва бу ҳақда фақат “Эзгулик” раисаси В.Иноятовага ахборот берилади.

Маълум бўлишича, 20 сентябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Марҳамат тумани бўлими раиси Муҳаммадқодир Отахонов ҳам терговга чақирилган. Унинг айни пайтда Асака тумани ички ишлар бўлимида сақланаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти раиси Марат Зоҳидовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, ташкилот М.Отахоновни тезда озод этиш юзасидан тегишли чоралар кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG