Линклар

Йилда бир марта автомобилсиз

  • Ҳурмат Бобожон

22 сентябр - дунё бўйлаб минглаб шаҳарларда ҳавонинг ифлосланишига қарши автомобиллардан холи кун сифатида нишонланмоқда. Жаҳоннинг минглаб шаҳарларида тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Испания, Франция ва Австриядан олинган хабарларга қараганда, айнан шу мамлакатлардаги ҳайдовчиларнинг аксарияти "автомобилдан ҳоли кун" акциясидан кўзланган мақсадни яхши тушуниб, бугун шахсий машиналаридан фойдаланмади.

Ушбу кунда автомашина эгалари тўрт ғилдиракли "дўсти"ни уйда қолдириб кўчага пиёда ёки велосипедда отланишлари керак. Бундан мақсад - бир кун бўлса-да хавонинг ортиқча заҳарли газлар билан ифлосланишига йўл қўймаслик. Аммо, Европа юраги саналмиш Прага кўчаларига назар солсангиз ҳар кунги манзара гувоҳи бўласиз. Йўллар ҳар кунгидек автомобилларга лиқ тўла, гарчи бугун автомобиллардан холи кун бўлса-да. "Кўпчилик билмайди бу кун ҳақида. Аммо, яхши бўларди йўлларда автомобиллар камайса. Умуман бўлмаса - ундан-да яхши. Ахир одамзод автомобилларсиз ҳам яшаганку ўтмишда?!", - дейди ўзини Штепан деб таништирган прагалик ўспирин.

Йилда бир кунни автомобилларсиз ўтказиш анъанаси дастлаб Францияда 1998 йилда бошланган. Ўша йили бир гуруҳ экология ҳимоячилари Париж кўчаларида пиёда ва велосипедларда юриш қилган эди. Кейинчалик бу ғояни Австралия, Лотин Америкаси ва Осиёнинг кўпгина давлатлари аҳолиси қўллаб-қувватлади.

22 сентябрни автомобилларсиз ўтказиш ташаббусига қўшилган Британия автоҳайдовчилар клуби вакили Сюзи Хэйвуд бу тадбирнинг ҳаво ифлосланиши олдини олишдаги ҳиссаси катта эканини таъкидлайди. "Автомобиллардан ҳоли кун" одамларни ҳаракатланишнинг бошқа зарарсиз йўллари ҳақида ўйлашга ва пиёда юриш ўзлари ўйлагандек қийин эмас, деган фикрга келишга ундайди", - дейди Сюзи Хэйвуд.

Ҳозирда Франциянинг Париж, Бразилиянинг Рио де-Жанейро ва Япониянинг Йокохама шаҳарлари дунёдаги автомобилларга энг тиқилинч шаҳарлар ҳисобланади. Август ойи бошланиши билан бундай шаҳарларда кекса ёшдагилар орасида ўлим ҳоллари кўпаяди. Мутахассислар эса атмосферанинг заҳарли газлар билан ифлосланишини бунга асосий омил сифатида кўришмоқда. Аммо, бундай аянчли аҳволга қарамай, одамзоднинг автомобилларга бўлган ишқи камаймаяпти. "Машиналарни жуда яхши кўрамиз. Менимча, бунга сабаб автомобилга муқобил воситанинг йўқлиги. Токи жамоат транспорти қиммат бўлиб қолар ва у бизни хоҳлаган жойга элта олмас экан, автомобилларни севишдан бошқа чорамиз йўқ", - дейди Британия автоҳайдовчилар клуби вакили Сюзи Хэйвуд.

Шу ўринда кўпчилик автомобил ўрнини келажакда экологик тоза транспорт воситаси бўлган велосипед эгаллай олади демоқда. Британияда велосипед-такси хизмати жорий этилгани бу фикрни тасдиқлар ҳам. Бироқ, тезлик бобида ҳозирча автомобил одам учун энг қулай транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG