Линклар

Шанҳай “олтилиги”: энг муваффаӄиятли ташкилотми?


Фарангис Саид 23 сентябр куни Бишкекда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг бош вазирлари учрашуви бўлиб ўтади. Ташкилотга аъзо Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари учрашиб, “олтилик” истиӄболларини муҳокама ӄилади. Демак, учрашув натижасида гуруҳ доирасидаги ҳамкорлик янги поғонага кўтарилиши мумкин. Хўш, мазкур ташкилот маӄсадлари нима, унинг фаолияти нимага ӄаратилган?

Пост-совет маконида ӄатор ташкилотлар тузилган. МДҲ баробарида собиӄ совет республикаларидан айримлари, хусусан Россия, Украина, Беларус ва Қозоғистон Ягона иӄтисодий маконни барпо этмоӄда. Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё иӄтисодий ҳамкорлик, деб номланган “тўртлик”ка асос солди. Ўзбекистон уч ӄўшниси – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотини тузган. Айни ваӄтда ушбу республикалар Россия ва Хитой билан биргаликда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига ҳам аъзо.

Кўпгина мутахассислар фикрича, пост-совет маконида тузилган гуруҳлардан энг жадал суръатлар билан ривожланаётгани – айнан Шанҳай ҳамкорлик ташкилотидир.

Мазкур ташкилот 1996 йилда Хитой, Россия ва собиӄ совет республикалари орасидаги чегара низоларини ҳал этиш маӄсадида тузилган эди. Чегара масалалари ӄисман ҳал этиб бўлингач, ташкилот маӄсадлари рўйхатига терроризмга ӄарши кураш масаласи киритилди.

2002 йил июн ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган саммитда ташкилот низоми ӄабул ӄилинди. Пекинда унинг котибияти, Бишкекда эса аксил-террор марказини тузишга келишилди. Аммо кўп ўтмай ушбу марказни Ўзбекистон пойтахтида очишга ӄарор ӄилинди. Шу йил май ойида ташкилотнинг Тошкент саммити чоғида Аксил-террор марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Собиӄ совет республикалари иштирокидаги бошӄа гуруҳларга ӄараганда, ШҲТнинг муваффаӄиятли ривожланишининг сабаби, мутахассисларга кўра, унга аъзо давлатларнинг манфаати ва маӄсадлари бир-бирига мос эканлигида.

Кўпгина кузатувчилар фикрича, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат ундан ўз маӄсадида фойдаланмоӄда. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоӄов фикрича, аслида, ташкилот маӄсади террорчиликка ӄарши кураш эмас:

”Бу террорчиликка оид муаммоларни ечадиган ташкилот эмас. Унинг асосий маӄсади - Хитойнинг Марказий осиёдаги геополитик кучини саӄлаб ӄолишдан иборат" .

ШҲТга аъзо икки ӄудратли давлат - Россия ва Хитойнинг муштарак маӄсади бор. У ҳам бўлса Марказий Осиёда АҚШ таъсирининг кучайишига йўл ӄўймасликдир. Яна бир маӄсад минтаӄавий хавфсизликни таъминлашдан иборат. Шу билан бирга Хитой ва Россия минтаӄанинг катта нефт ва газ бойликларига ӄизиӄиш билдиряпти.

Лондонда нашр этиладиган “Жейнс Сентинел: Россия ва МДҲ” журнали бош муҳаррири, минтаӄашунос Алекс Ватанка ташкилотнинг ривожланишидан нафаӄат Россия ва Хитой, балки МО давлатлари ҳам манфаатдор, деб ҳисоблайди:

”Хитой ва Россия ўз манфаатларини кўзламоӄда. Аммо уларга ӄараганда, Марказий Осиё давлатлари манфаатлари долзарброӄ. МО ҳудуди яхлитлиги хавф остида, исломий экстремизм, наркотиклар ва одам контрабандаси муаммолари тобора чуӄурлашмоӄда. Бу муаммолар минтаӄа давлатларига таҳдид соляпти. Мазкур ташкилот эътиборни ушбу масалаларга ӄаратиши лозим" .

Кейинги пайтларда Ўзбекистон ташӄи сиёсатида ҳам Россия, ҳам Хитой тарафига оғиш кузатилмоӄда. Чунки бу икки давлат, АҚШ ва Европадан фарӄли ўлароӄ, Ўзбекистон раҳбариятидан демократик тизимни барпо этишга ӄаратилган ислоҳотларни талаб ӄилмайди.

Хитой, ўз навбатида, МО давлатлари билан алоӄаларини чуӄурлаштиришга интилмоӄда. ШҲТнинг шу йил июн ойида Тошкентда бўлиб ўтган саммити чоғида Пекин вакиллари минтаӄадаги ҳамкорларига 1 миллиард юан миӄдорида маблағ ажратишни ваъда ӄилди. Бу пулларнинг каттагина ӄисми Ўзбекистонга берилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Хитойнинг Урумчи ва Шанҳай шаҳарларида консулликлар очмоӄчи. Айни ваӄтда Тошкентда Хитой элчихонаси учун янги бино ӄуриш режалаштирилмоӄда.
XS
SM
MD
LG