Линклар

“Бирлик”нинг ғалаба қилиш имконияти 20 фоиз баҳоланяпти


Феруза 20 сентябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашларига сайлов кампанияси бошланди. Жорий йилнинг 26 декабрь ойида ўтказиладиган сайловда мухолифатдаги партиялар бевосита иштирок этиш имкониятига эга эмас.

Ҳозир бу партиялар мустақил ташаббус гуруҳлари орқалигина ўз номзодларини кўрсатиш имкониятига эга бўлиб турибди.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот котиби Низомиддин Нурматовнинг сўзларига қараганда, ташаббус гуруҳлари, аввало, округ сайлов комиссиясидан гуруҳ тузилгани ҳақида мандат олиши лозим. Сўнг ўз номзодини қўллаб-қувватлаш учун округ сайловчиларидан саккиз фоизининг имзосини тўплаши керак. Шундан кейин ташаббус гуруҳи номзоднинг ҳужжатларини МСКга тақдим этади.

МСК раиси Бўритош Мустафоевнинг 20 сентябрь куни журналистлар билан учрашув чоғида билдиришича, сайлов тўғрисидаги қонуннинг 23-моддасига қўшимча киритилган. Унга мувофиқ сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлиги МСК томонидан, ташаббус гуруҳлариники эса округ сайлов комиссияси томонидан текширилади.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятованинг таъкидлашича, ташаббус гуруҳлари ишига мушкулликлар туғдириш ҳозирданоқ бошланган. Жумладан, янги қоидага кўра, бу гуруҳ аъзолари сони 300 киши (аввал 100 киши эди) бўлиши белгиланган. Бундан ташқари, гуруҳ йиғилишини ўтказиш учун рухсат олиш керак. Маъмурларнинг йиғилишга рухсат беришига эса ишониш қийин.

В.Иноятованинг маълум қилишича, “Бирлик” партияси ташаббус гуруҳлари орқали ҳар бир минтақадан тўрттадан номзод кўрсатишни режалаштирилган. Улар Қонунчилик палатаси ва Сенатга сайланишга ҳаракат қилади. Шунингдек, шаҳар ва туман миқёсидаги сайловга ҳам номзодлар тайёрланган.

В.Иноятова “Бирлик”нинг бўлажак сайловда ғалаба қилиш имконияти 20 фоиз баҳоланаётганини эътироф этди.
XS
SM
MD
LG