Линклар

Яна 18 киши судга тортилди


Фирдавс Қашқадарёда диний экстремистик оқимларга алоқадорликда айланаётган 31 киши устидан шу ой аввалида бошланган суд жараёни ниҳоясига етмай туриб, 20 сентябрь куни худди шундай айблар қўйилаётган яна 18 киши судга тортилди.

Маълумотларга кўра, судга тортилганларнинг барчаси Қарши шаҳрида истиқомат қилади. Улар апрель ойи бошларида ҳибсга олинган. Дастлабки терговда гумондорлар “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорлик, унинг ғояларини тарғиб этиш, мавжуд конституциявий тузумни зўрлик билан ағдариб ташлашга уринишда айбдор топилган.

Суд иштирокчиларидан бирининг айтишича, 20 сентябрь кунги суд мажлисида айбланувчилар судья Ҳамид Бобоқуловга эътироз билдира бошлаган. Шунингдек, адвокатлардан бири ҳимоясидаги шахсларнинг танасида жароҳат излари бўлгани учун суд тиббий экспертизаси тайинланишини сўраган. Бу ҳолат судьянинг норозилигига сабаб бўлган. Гарчи у адвокатнинг эътирозларини ўринли топмаган бўлса-да, суд мажлисини тўхтатиб, бошқа кунга қолдирган.

Судланувчилардан бирининг яқини Мавлуда Ҳасановнинг таъкидлашича, судланувчилар ўзларига қўйилган айблар билан тўлиқ таништирилмаган. Баъзи адвокатлар эса ўз мижозларини ҳаққоний ҳимоя қилишга уринмаётир.

Сентябрнинг биринчи ҳафтасида 31 киши устидан бошланган суд жараёни ҳам давом этяпти.

Хабарларга кўра, суд улардан икки кишига ҳукм эълон қилган. Чироқчи туманининг Уймовут қишлоғилик Муртазо Қурбонов ва Зиёдулла Пўлатов 14 йилданга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG