Линклар

“Пахтабанк”нинг Ўзбекистондаги энг яхши банк бўлиши сабаби нимада?


Ишонч Европада нашр этиладиган нуфузли “The Banker” журнали “Пахтабанк” акциядорлик тижорат банкини икки йилдан буён Ўзбекистоннинг энг яхши банки сифатида эътироф этмоқда.

Хўш, нима учун бу нуфузли журнал “Пахтабанк”ни Ўзбекистоннинг энг яхши банки сифатида танлади?

“Пахтабанк” ходими Иброҳим Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, “Пахтабанк”нинг энг яхши банк сифатида тан олинаётганига бир қанча сабаблар бор. Хусусан, сўнгги 3-4 йилдан буён “Пахтабанк” фойда кўрсаткичи жиҳатдан мамлакат банклари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ликвидлилик кўрсаткичи, кредит ва операциялар ҳажми жиҳатдан ҳам банк пешқадамликни қўлдан бермаётир. Кўрсатилаётган хизматлар ва уларнинг сифатини ошириш, сармоялар ҳажми ва мижозлар сони ўсиб бориши нуқтаи назаридан, шу билан бирга, йирик халқаро банкларнинг кредит линияларига хизмат кўрсатиш жиҳатдан ҳам “Пахтабанк” етакчи мавқега эга.

И.Ҳакимовнинг фикрича, минибанклар тармоғини кенгайтираётгани, замонавий ахборот технологияларини иш жараёнига тадбиқ қилаётгани ҳам “Пахтабанк”ка шундай эътироф келтирган бўлиши мумкин. Бир йил давомида “Пахтабанк”ка қарашли минибанклар сони 300 тага яқинлашган. “Пахтабанк” мамлакатда биринчилардан бўлиб ягона корреспондентлик ҳисоб-рақами тизимига ўтган. Банкнинг ялпи капитали 32 миллиард сўмдан ошган.

И.Ҳакимовнинг таъкидлашича, “Пахтабанк”да хорижнинг энг яхши банклари тажрибаларини жорий этиш учун хориждан Петер Ҳейни исмли маслаҳатчи таклиф этилган эди. У бу ерда бир йил давомида кредит ажратмаларини тартибга солиш, уни жаҳон андозаларига яқинлаштириш борасида катта иш олиб борган. П.Ҳейнининг тавсияларини ишчи гуруҳ амалиётга тадбиқ этган. Бунинг натижасида банкда янги тузилма – кредит инспекцияси ташкил этилган. Шунингдек, кредит билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқарувчи марказ тузилган.

Тадбиркор Абдуманнон Холжўраев эса “The Banker”нинг Ўзбекистон банклари ҳақидаги хулосаси объектив воқеъликдан йироқ эканини таъкидлади.

“Ўзбекистон банклари халқаро стандартларга жавоб берадиган даражада фаолият кўрсатмаяпти. “Пахтабанк”ни ёмонларнинг яхшиси сифатида тан олиш мумкиндир. Тўғри, банкнинг мижозлари сони ошган бўлиши мумкин. Аммо улар кўнгилли равишда шу банкни танлаганига ишониш қийин. Чунки барча деҳқон ва фермер хўжаликлари банкка мижоз бўлишга мажбур. Омонат қўйилмалари ҳажми ошгани сабаби эса оддий. Маош нақд берилмагандан сўнг у ҳисоб рақамига ўтказилади-да”, деди тадбиркор.

А.Холжўраевнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар юз бермагани каби банк соҳасида ҳам яхшиланиш кузатилмаган.
XS
SM
MD
LG