Линклар

logo-print

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қўлланма чиқарди


Шайбон Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Америка юристлар уюшмаси билан ҳамкорликда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берувчи қўлланма чоп этилди.

Америка юристлар уюшмасининг “Жиноят ҳуқуқи” дастури юристи Темур Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган қўлланмада гумондорлар, ҳибсга олинган ёхуд у ёки бу жиноят иши юзасидан гувоҳ сифатида иштирок этаётган шахсларнинг Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексида белгиланган процессуал ҳуқуқлари ҳақида маълумотлар берилган. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш тартиблари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро декларациядан кўчирмалар, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро меъёрдан иқтибослар, қийноқларга қарши халқаро конвенциядан мисоллар келтирилган. Қўлланма вилоят, шаҳар ва туманлардаги ички ишлар органлари орқали бу бўлимларга олиб келинган шахслар учун тақдим этилади.

Т.Абдуллаевнинг таъкидлашича, қўлланма яратиш ғояси Америка юристлар уюшмаси ва ИИВнинг тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафуддиновдан чиққан. Режа бўйича қўлланма нафақат тергов бошқармаси, балки йўл-патруль хизмати ва участка нозирлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига тарқатилиши кўзда тутилган. Ўз навбатида, улар қўлга олинган шахсларни мазкур қўлланма билан таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи А.Шарафуддиновнинг айтишича, қўлланма 100 минг нусхада чоп этилган бўлиб, айни пайтда вазирлик уни жойлардаги бўлимларига етказиш механизмини ишлаб чиқмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Алисон Гилл хоним қўлланма чоп этилишини ижобий баҳолади.

“Агар Ички ишлар вазирлиги бу амалиётни кенг қўллашда тайёр бўлса, шубҳасиз, биз бундай ҳаракатни олқишлаймиз”, деди у.

А.Гиллнинг фикрича, қўлланмани тарқатиш баробарида вазирлик раҳбарияти ўз ходимларида ҳуқуқларга риоя қилиш маданиятини шакллантириши керак. Уларга инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш шартлиги уқтирилиши лозим. Улар ҳуқуқларни ҳурмат қилмаса, ўзлари қонунни бузаётган ҳисобланади. Қачонки, бу ҳақда тушунтиришлар олиб борилиб, зўравон ходимлар жиддий жавобгарликка тортилса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Т.Абдуллаев ИИВ билан амалга оширилаётган бу каби ишларга кейинчалик Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларини ҳам жалб этиш мўлжалланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG