Линклар

Тошкентда “мурда” суд қилиняпти

  • Садриддин Ашур

Бундан қарийб 20 йил муқаддам Афғонистондаги жангларда ҳалок бўлгани хабар берилиб, ҳатто “жасади” ўз юртида қабрга қўйилган наманганлик Қосим Эрматов айни кунларда Тошкент шаҳри жиноят ишлари судида судланувчи сифатида иштирок этмоқда.

Қ.Эрматов 1982 йилда Совет Армиясига хизматга чақирилиб, Афғонистонга жўнатилганди. 1984 йилда унинг жангда ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди.

Қ.Эрматовнинг синглиси Дилфузанинг эслашича, шундан сўнг уларнинг хонадонига темир тобут келтирилган. Тобутнинг ичидаги жасад ҳидланиб, қурт босиб кетгани учун уни очгани қўйишмаган. Оила аза очган. “Марҳум”нинг номи бир қанча вақт қадрланган ҳам. Унга “вафотидан сўнг” “Қизил юлдуз” ордени берилган. Мактаб ва кўча Қ.Эрматовнинг номи билан атала бошлаган. Попдаги боғда эса унинг бюсти ўрнатилган.

Қ.Эрматовнинг отаси 80 ёшли Мавжудали бобонинг сўзларига қараганда, 1991 йилда уларнинг уйига бир чех журналисти келиб, ўғли тириклигини, Афғонистонда яшаётганини хабар қилган. Бу хабар тарқалгандан сўнг Қ.Эрматовнинг номи мактабдан, кўчадан олиб ташланган. 1992 йилда бобо Халқаро қизил ярим ой жамияти ёрдамида ўғли билан учрашиш учун Покистоннинг Исломобод шаҳрига борган. Ота-ўғилнинг учрашуви учун ярим соат вақт ажратилган. Ота ўғлининг у ерда асирда бўлганми-йўқми, ҳеч нарса билмайди. Учрашув вақтида ўғил отасига бу ердан рухсатсиз кета олмаслигини айтган.

Д.Эрматованинг таъкидлашича, акаси ҳарбий хизматда ҳайдовчи бўлган. Машина минага учраб, портлаб кетгандан сўнг аскарлардан фақат угина омон қолган ва асирга олинган. Мусулмонлиги, калима келтиргани учунгина унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Бурҳониддин Раббоний (кейинчалик Афғонистон Президенти) шахсан Қ.Эрматовни қутқариб қолган.

Маълум бўлишича, 38 ёшли Қ.Эрматов жорий йилнинг июнь ойида Покистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Лекин яқинлари унинг қаерда қўлга тушгани, нима учун Ўзбекистонга берилгани ҳақида ҳеч нарса билмайди.

Яқинларининг айтишича, Қ.Эрматов асирга тушгандан буён Афғонистонда яшаган. Афғон қизига уйланган, беш фарзанди бор.

Д.Эрматова акаси Жиноят кодексининг 155 (терроризм) ва 159-моддалари (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айланаётгани, унга яна қандай айблар қўйилганидан бехабарлигини билдирди.

Аммо Қ.Эрматов билан бирга суд қилинаётган 22 кишига эса Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида баҳорда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланаётгани маълум.

Улар устидан суд эса ёпиқ тартибда ўтказилмоқда. Қ.Эрматовнинг адвокати мижозининг яқинлари билан алоқа қилмаяпти.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг юртига авф туфайли қайтган собиқ аъзоси, судга гувоҳ сифатида чақирилган Уйғун Сиддиқовнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, у Қ.Эрматовни 2000 йилда Афғонистоннинг Мазори шариф вилоятида кўрган. Қ.Эрматов Ўзбекистондан борган муҳожирларга бозордан озиқ-овқат ташиб юрган. Сўнгги вақтларда Тоҳир Йўлдошев уни ўз сафига қўшишга ҳаракат қилган. Чунки Қ.Эрматов 4-5 тилни билар, Афғонистондаги шароитга яхши тушунар, бир сўз билан айтганда, яхши мутахассис эди.

“Мен Қ.Эрматовнинг ҳарбий машқларда бўлганини кўрмаганман. Лекин Афғонистонда қурол кўтариб юрмайдиган кишини топиш қийин. У ерда эркак киши қурол кўтармаслиги уятга ўхшаган нарса. Шунга қарамай, мен унинг автомат кўтарганини кўрганим йўқ. Чунки бозорда қурол кўтариб юриш унга халақит беради”, деди У.Сиддиқов.

Қ.Эрматов яқинларининг таъкидлашича, у Ўзбекистондан чиқиб кетганида СССР фуқароси эди. Айни пайтда Афғонистон фуқаросидир. Қ.Эрматовнинг ўзи ҳам Афғонистон элчихонаси вакили расман чақирилишини, шунингдек, унга тайинлаган адвокатнинг алмаштирилишини талаб қилган.
XS
SM
MD
LG