Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:08

Сапармурот Ниёзов Қарши магистрал каналини ўзи қўриқламоқчи.


Тўлқин Амударёдан Туркманистон орқали сув оладиган Қарши магистрал канали Қашқадарё вилояти иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Собиқ совет тузуми даврида барпо этилган каналнинг Туркманистон ҳудудидаги юқори қисмида сувни кўтариб бериш учун олтита насос ўрнатилган. Яқинда Сапармурот Ниёзов ана шу насосларда хизмат қиладиган ўзбекистонликларни бу ҳудудга киритмаслик лозимлигини, Туркманистон учун терроризм хавфи айнан шу ҳудуддан таҳдид солишини айтди.

Яқинда Туркманистон Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда ички ишлар вазирлиги билан боғлиқ 4 масала кўриб чиқилди. Шулардан бири Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятига чегарадош Лебап вилояти полиция идорасига янги бошлиқ тайинлаш масаласидир. Йиғилишни ўтказган Сапармурот Ниёзовга кўра, Ўзбекистон билан чегарадош Лебап вилояти нисбатан масъулиятлироқ ҳудуд ҳисобланади. Мазкур йиғилишда вилоят полиция бошлиғи этиб тайинланган Нуряғди Яғмировга Ниёзов шундай панд-насиҳат қилди:
“Лебап вилоятида кўп қонунбузарликлар содир этилди. Ҳалиги террорда иштирок этганлардан 4 киши Лебапнинг Хўжамбоз деган жойидан экан” .
Бу ерда Ниёзов Туркманистонда “террористик ҳаракат” номини олган 2002 йил 25 ноябр воқеасини назарда тутмоқда. Чунки у ерда “террор” номини олган бошқа ҳаракат содир этилмаган. Мазкур воқеа юз беришидан олдин Борис Шихмирадовнинг Ўзбекистондан Лебап вилоятига ўтиши ҳақида ўшанда Туркманистон Бош прокурори Гурбанбиби Атажанова шундай деган эди:
“У биринчи Ўзбекистонга, кейин 2002 йилнинг 22 ноябридан 23 ноябрига ўтар кечаси давлат чегарасини Лебап вилояти Ниёзов туманида бузиб ўтиб, Туркманистонга ноқонуний кириб келди” .
Ниёзов Лебап вилояти полиция бошлиғига Қарши магистрал канали хизматчиларнинг насосларни қўриқлаш баҳонасида чегарадан ўтишларига бундан кейин чек қўйиш лозимлигини уқтирди.
“Ўзбекистон чегарасидан насосларни ва ҳовузларни қўриқлаш баҳонасида Туркманистонга қуролли одамлар ўтяпти. Бу қанақаси? Бошқа давлат фуқароси бизнинг ҳудудга ўтиб насосларни қўриқласа — бу нима дегани, ахир?! Уларни биз ўзимиз қўриқлаймиз. Қолаверса, уларнинг кимга тегишли эканлиги номаълум, буни тасдиқловчи ҳужжатнинг ўзи йўқ” .
Ниёзовга кўра, насосларни қўриқлаш баҳонасида Ўзбекистон чегарасидан қуролланган террорчилар ҳам ўтиб келиши мумкин. Шу боисдан қурол билан ўтиш қатъий ман этилади.

Шунингдек, Ниёзов яқинда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида фуқароларнинг иш билан чегарадан ўтиб-қайтиши тўғрисидаги шартнома муҳокама этилишини билдирди.
Қашқадарёлик журналист Тўлқин Қораевга кўра, Қарши магистрал канали вилоят иқтисодиётида муҳим ўрин тутади:
“Чўл ҳудудларини суғорув тармоғи, асосан, Амударёдан олинади, яъни сув Қарши магистрал каналидан келади. Бу канал Қашқадарёнинг иқтисодиётида жуда бир муҳим аҳамиятга эга” .
Насосларни назорат қилувчи ўзбекистонликлар Туркманистонга киритилмаса, бу қандайдир ўзгаришга сабаб бўлиши мумкинми? — деган саволга Тўлқин Қораев шундай жавоб қилди.
«Ҳақиқатдан ҳам сув Туркманистон ҳудудидан олинади ва насослар билан кўтарилади. Каналнинг Қашқадарё вилоятига кирган жойида Талимаржон сув омбори қурилган, шу ерда сув йиғилиб, вилоятга тарқатилади. Айнан шу жойда Талимаржон гидроэлектростанцияси ҳам қурилди ва ГЭСнинг биринчи блокидаги қурилиш ишлари якунланиб, блокнинг яқинда ишга туширилиши кутилаяпти. Туркманистон ҳудудидаги насос станциясиларига ўзбекистонлик мутахассислар киритилмаса, каналга сув келишини ҳам тўхтатиб қўйиши мумкин, ишга тушиши кутилаётган электростанциянинг ҳам ишламай қолиш хавфи бор» .
— Сапармурот Ниёзов яқинда Ўзбекистон чегарасидан насосларни қўриқлашни баҳона қилиб террорчилар ҳам ўтиб келиши мумкин деди. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?
“Ўзбекистондан бундай хавф йўқлигини Туркманбошининг ўзи ҳам яхши билади. Чунки унинг ҳам бу ҳақда маълумот тўплайдиган хизматлари бор. Бу шунчаки бир баҳона, мақсад эса Ўзбекистонга қандайдир зарар етказиш, деб ўйлайман. Бу ҳар қандай тоталитар давлат раҳбари қўлидан келадиган ишдир. Шундай ўйлашимга сабаб — бу Талимаржон ГЭСининг ишга тушиши арафасида бўлаётганлигидир. Террорчилар кириб келиши мумкин, деган важга асосни эса Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи яратди. Диндорларнинг кўплаб қамоққа олиниши ва ҳукуматнинг террористик ҳаракатлар кучайиб кетяпти, деб дунёга жар солиши бунга сабаб бўлди” .
XS
SM
MD
LG