Линклар

Британиялик қўшиқчи Юсуф Ислом Америкага киритилмади


Арол Номини Юсуф Ислом деб ўзгартирган британиялик хонанда Кэт Стивенс чоршанбадан пайшанбага ўтар кечаси Америкага киритилмасдан Британияга қайтарилди. АҚШ расмийлари уни террор гуруҳларини молия билан таъминлаганликда айбламоқда. Британия мусулмонлар жамоасининг фаол аъзоси бўлган Юсуф Ислом бундай иддаони рад этди.

60-70- йилларда машҳур қўшиқчи бўлган Кэт Стивенс 1976 йилда Ислом динини қабул қилганидан кейин ўз исмини Юсуф Ислом¸ деб ўзгартирди. Шундан сўнг ҳаëтини диний фаолиятларга бағишлади ва Лондонда биринчи Исломий мактаб очди. Мактаб Британия ҳукуматининг молиявий ëрдами билан таъминланган ва ушбу мактабни шаҳзода Чорлс ҳам келиб кўрган. Ислом 2001 йил 11 сентябрда Жаҳон савдо маркази ва Пентагонга қарши содир этилган террор ҳужумларини қоралаб: "Исломни тўғри тушунган мусулмонлар бундай амални кечиролмайди. Қуронда бир бегуноҳ одамни ўлдириш бутун инсониятни ўлдириш билан баробардир дейилган"¸ деб таъкидлаган эди. У шунингдек¸ яқинда содир бўлган Беслан воқеасини ҳам қоралаб чиққди.

Юсуф Ислом биринчи бор чет мамлакатдан депортация қилингани йўқ. 2000 йили у "Ҳамас" гуруҳига молиявий ëрдам кўрсайган деган иддао билан Исроилдан чиқариб юборилган эди. Собиқ поп хонанданинг Америкадан депортация қилинишига унинг террорчиларга ëрдам кўрсатувчи ташкилотларга молия ўтказгани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган. АҚШ Ички Хавфсизлик вазирлиги расмийсига кўра¸ миллий хавфсизлик сабаблари боис қўшиқчи Америкага киритилмаган ва яқинда унинг номи назорат остидаги одамлар рўйхатига киритилган.

56 ëшли қўшиқчи Юсуф Исломнинг Америкага қўйилмагани Британия ҳукумати ва Британия Мусулмонлар жамоасининг кучли норозилигига сабаб бўлди. Чунки ватанида у мусулмон жамоасининг обрўли аъзоси ҳисобланади.
БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида қатнашаëтган Британия Ташқи Ишлар вазири Жэк Строу Ню-Йоркда АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл билан учрашиб¸ Юсуф Ислом Америкадан чиқариб юборилмаслиги керак эди¸ деб таъкидлган. Британия Мусулмонлар Кенгаши АҚШнинг ушбу қарорини соғлом ақлга зид иш¸ деб баҳолади.

Мазкур кенгаш Бош котиби ëрдамчиси Довуд Абдулланинг Озодлик радиосига айтишича¸ Юсуф Исломга нисбатан АҚШ айблови ўринсиздир.

"Жаноб Юсуф Ислом терроризм¸ босқинчилик ва тинч аҳолига нисбатан тажовузларга қарши чиқувчи шахс сифатида халқаро миқëсда яхши танилган. У шунингдек¸ хайр-эҳсон ишлари фаоли сифатида шуҳрат қозонган. Унга бундай муносабат кўрсатилгани Британия мусулмонлар жамоасининг кескин норозилигига сабаб бўлди", - деди Абдулла.

Унга кўра¸ бундай ҳаракатлар нафақат Ислом балки Британия Мусулмонлар Кенгашига қарашли хайрия ташкилотларнинг бошқа фаолларига нисбатан ҳам ҳақоратдир.

Айни пайтда Америка-Ислом муносабатлари Кенгаши номли ташкилот вакили Иброҳим Ҳуппернинг Озодлик радиосига айтишича¸ Юсуф Исломнинг Британияга қайтариб юборилиши сабаблари аниқ эмас. Ҳуппер фикрича¸ исботсиз иддаолар асосида иш кўриш муаммоларни вужудга келтириши мумкин.

"Агар АҚШ ҳукумати уни жиноят содир этган деб билса¸ нега уни Лондонга қайтариб юбориш ўрнига¸ жиноий жавобгарликка тортмади"¸ - деб таъкидлади Америка-Ислом муносабатлари Кенгаши манбуот вакили Ҳуппер.

Унга кўра¸ Юсуф Ислом узоқ йиллардан буëн Фаластин халқини ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг Америкадан депортация қилинганига шу омил сабаб бўлган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG