Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:21

ЖАҲОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТАШКИЛОТИ СУВ ИФЛОСЛАНИШИДАН ХАВОТИРДА


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сувнинг ифлосланиши ва унинг оқибатида касалликлар тарқалиши олдини олиш борасида янги тавсияларини эълон қилди. Чунки, сув ифлосланиши боис кўплаб касалликлар пайдо бўлмоқда. Ташкилот вакиллари сув сифатини яхшилаш борасида ишлаб чиқилган янги тавсиялар турли юқумли касалликларни тўхтатишига умид қилмоқда

Ҳар йили жаҳон бўйлаб 450 миллард куб метр саноат чиқиндилари дарёга оқизилади. Бунинг оқибатида сув таркибидаги заҳарли моддалар сони ҳозирда 13 мингтага етган. Ер юзидаги бир миллардан зиёд одам ифлосланган сувни истеъмол қилишга мажбур. Ҳар саккиз сонияда дунёда бир бола сувнинг ифлосланиши билан боғлиқ касалликдан нобуд бўлади.
Бундай аянчли вазият Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини яна бир бор сув ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқишга ундади. Ичимлик суви ва атроф мухит масалалари бўйича британиялик мутахассис Жон Фауэлл янги тавсиялар мақсади ҳақида гапиради:
"Учинчи бор эълон этилаётган бу тавсиялар аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сув ифлосланишининг олдини олиш масалаларига қаратилган. Яъни, асосий урғу бу ерда сув сифатини аниқлашга эмас, балки сув профилактикаси чоралари кучайтирилишига қаратилган", - дейди Фауэлл.
Одатда ичимлик суви ва унинг таркибидаги зарарли моддалар миқдори лаборатория шароитида текширилади ва шундан сўнг сув таркибини яхшилашга киришилади. Аммо, Жон Фауэллга кўра, сув ифлосланиб бўлгандан кейин унинг таркибини микроблардан зарарсизлантириш кеч бўлади, бундай йўл билан касалликлар тарқалишининг олдини олиб бўлмайди.
"Биз ишлаб чиққан тавсиялар кўпроқ сув таъминоти тизимларига таалуқлидир. Асосий мақсад профилактика чораларини кучайтириш орқали, сув сифати билан боғлиқ касалликлар кўпайишига чек қўйиш", - дейди британиялик эксперт.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Африканинг Дарфур минтақаси, Судан ва Чад мамлакатларида тоза ичимлик суви тақчиллиги боис аянчли вазият юзага келган. Бу давлатларда гепатит касаллигининг Е формаси айниқса кенг тарқалган. Фауэллнинг айтишича, бунга авваламбор сув таъминотининг ёмон аҳволдалиги сабаб бўлмоқда.
"Чекка худудларда сув таъминотини йўлга қўйиш борасида жиддий муаммолар бор. Уларни қудуқлар қазиш орқали қисман ҳал қилса бўлади. Лекин, чекка худудларда қудуқлардаги сув сифатини назорат қилиш анча мураккаб" .
Фауэллнинг айтишича, хатто камбағал мамлакатлар ҳам ичимлик суви сифатини яҳшилаши мумкин, чунки бу ишлар кўп маблағ талаб этмайди. Аммо, ҳозирда сув муаммоларига халқаро ташкилотлар жуда кам пул ажратаяпти. Ваҳоланки, биргина Европада спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш учун йилига 105 миллард доллар сарфланади.
Собиқ Совет давлатларида ҳам аҳолининг кўпчилиги тоза ичимлик сувидан бенасиб қолмоқда. Марказий Осиё ва айниқса Орол бўйи минтақасида вазият аянчли. Аммо, яқинда Чехия ҳукумати Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган лойиҳани қўллаб қувватлаш учун йилига 100 минг доллар ажратадиган бўлди. Чехия Президенти Вацлав Клауснинг яқинда Тошкнтга қилган ташрифи чоғида мазкур лойиҳа тақдимоти бўлди. Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Владимир Крепл бу ҳақда радиомизга шуларни айтди.
"Лойиҳа Орол бўйи минтақасида ичимлик суви сифатини яхшилашга қаратилган ва бу Чехияда ишлаб чиқарилган мосламалар орқали амалга оширилади. Лойиҳа икки йўналишда олиб борилади. Яъни оқава сувларни қишлоқ хўжалигида сўғоришда фойдаланиладиган сувга айлантириш, иккинчи йўналиш эса дарё сувларини тоза ичимлик сувига айлантиришдан иборат бўлади" .
Владимир Креплнинг айтишича, келаси йилдан бошлаб улар лойиҳани Урганч шаҳрида бошламоқчи.
"Орол денгизи жиддий муаммоларни яратмоқда ва бу муаммони бир икки йилда ҳал этиб бўлмайди. Шу боис лойиҳасиз амалга ошадиган бўлса Орол бўйи аҳолиси яқин йиллар ичида тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлиши мумкин", - дейди Владимир Крепл.
Аммо, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, сув ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар сони бу худудда сезиларли камайган. Масалан, 1993 йилда МДҲ давлатларида ҳар юз минг боладан 70 нафари диарея, ёки ич кетки касаллигини орттирган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич уч баробар камайган. Гепатит юқтирганлар сони ҳам кейинги ўн йил ичида кескин камайган. Марказий Осиёда гепатитга чалинганлар сони икки баробар камайган. Аммо, шундай бўлса-да британиялик мутахассис Жон Фауэлл минтақа ҳукуматлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига таянган ҳолда ичимлик суви сифатини яҳшилаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган кучайтириши керак деган фикрда.
XS
SM
MD
LG