Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:38

ШҲТга аъзо давлатлар бош вазирлари Бишкекда учрашди


23 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқларининг икки кунлик учрашуви ўз якунига етди. Учрашувга Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Россия бош вазирлари, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бош вазир ўринбосарлари қатнашди.

Бундан бир йил муқаддам ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида кўп тармоқли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш дастури қабул қилинган эди. Ташкилотга аъзо давлатлар бош вазирлари кенгаши мажлисида ўша дастурни амалга ошириш режаси муҳокама қилинди.

Хўш, дастур ШҲТга аъзо давлатларга нима беради? Тўғрироғи, давлатлар бу ҳамкорликдан нима кутаяпти?

Бош вазир Николай Танаевга кўра, Қирғизистон ташкилотга аъзо давлатлар билан автомобиль ва темир йўллар қуриш, ўзининг гидроэлектр ресурсларидан қўшнилар билан ҳамкорликда фойдаланишдан манфаат кўриши мумкин. Бироқ, деди Танаев, ишлаб турган ГЭСларни таъмирлаш ҳамда янгиларини қуриш учун маблағ йўқ. Бу муаммоларнинг ШҲТ доирасида ҳал бўлишига умид билдирди Қирғизистон Бош вазири.

ШҲТга аъзо давлатлар қабул қилган иқтисодий дастур доирасида Қозоғистон ўз қўшнилари билан нефть қувурлари қуришни режалаштирмоқчи. Бош вазир Даниал Ахметовнинг билдиришича:
"Қозоғистон ШҲТга аъзоликни ўзи учун устувор йўналиш, деб билади ва кўп томонлама ҳамкорликдан сезиларли самара кутади".

Хитой билан Атасу-Алашанқўй нефть қувурини, Россия ва Хитой билан Омск-Павлодар-Чимкент-Чоржўй нефть қувурини қуришдан, Хитойга табиий газ сотишдан Қозоғистон манфаатдор, деди Бош вазир Данаил Аҳметов.

ШҲТга аъзо давлатлар бош вазирлари Кенгашида терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир муовини Ўткир Султонов мана бундай деди:

"Россия ва Ўзбекистонда бўлиб ўтган ва юзлаб фуқароларнинг нобуд бўлишига олиб келган террористик актлар терроризмнинг жуғрофий, диний, ирқий белгилари йўқ эканлигини яна бир бор намойиш қилмоқда".

Россия Бош вазири Михаил Фрадков бу муаммоларга қарши самарали курашиш учун иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарур, деди.

"Янги таҳдидларга қарши кураш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг иқтисодий соҳадаги амалий ҳамкорликка яқиндан боғлиқлиги ҳар қачонгидан ҳам яққолроқ кўриниб қолди. Биз ҳаммамиз иқтисодий жиҳатдан қанчалик кучли бўлсак, терроризмга қарши курашдаги ҳамжиҳатлигимиздан самара шунча кўп бўлади," - деди Михаил Фрадков.

Бироқ, бундай баёнотлардан ҳозирча хомтама бўлмаслик керакка ўхшайди. Учрашувларда иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги қанчалик кўп таъкидланмасин, ШҲТга аъзо ҳар бир давлат "кўрпани ўзига тортишга" ҳаракат қилаверади.

Масалан, Хитой Россия Бош вазири хоҳлаётган "иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш"ни Марказий Осиё республикалари ва Россия билан умумий бозор ташкил қилишда кўради. Бироқ, Россияда чиқадиган "Ведомости" газетасида таъкидланишича, "Москва Хитойнинг постсовет Осиёда иқтисодий гегемонга айланиб қолишидан қўрқади". Шунга ўхшаш фикрларни Бишкек учрашуви таҳлилига бағишланган бошқа қатор материалларда кузатиш мумкин.

Демак, лавҳамизни бошлаётиб айтганимиз –Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида кўп тармоқли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш дастурининг яқин орада самара беришига умид қилиш қийинроқ. Бунинг учун ташкилотнинг энг йирик икки ўйинчиси Хитой ва Россия ўзаро манфаатларини мувозанатга келтириб олиши керак. Мувозанат пайдо бўлишига эса ҳали бир неча қовун пишиғи борга ўхшайди. Мана "Ведомости" келтирган маълумот: 2003 йили Хитой билан Россия ўртасидаги савдо айланмаси 20 миллиард долларни ташкил қилди. Россия Хитойга сотган товарларнинг 95 фоизи хом ашёдир. Хитой эса Россияга асосан, тайёр маҳсулот сотади.
XS
SM
MD
LG