Линклар

logo-print

Шўри қуриди ўзбекнинг Россия томонларда

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Россиянинг Свердловск вилояти Шабра посёлкасидаги фермада ишлаётган ўзбекистонлик ўн нафар фуқаро 20 сентябрь куни маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан калтакланган.

Ўзбек ишчиларнинг сўзларига қараганда, шу куни кечқурун маҳаллий эркаклардан уч нафари маст ҳолда келиб, улар билан жанжал қўзғаган. Ҳужум қилувчилар калтаклар билан қуроллангани сабабли ўзбеклар уларга қаршилик кўрсата олмаган. Қаттиқ калтаклаш оқибатида гастарбайтерлардан беш нафари жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Бу каби ҳолатлар илгари ҳам такрорланган. Ферма раҳбарияти сўнгги ҳолат бўйича ички ишлар бўлимига мурожаат этган.

Свердлов вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходимининг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, мазкур жиноятни содир этган уч киши ҳибсга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳужум қилганлардан бири илгари судланган шахсдир. Бу жиноят миллатчилик эмас, балки безорилик ҳисобланади. Ўзбеклар эса фермада тегишли ҳужжатларсиз, яъни ноқонуний ишлаган.

Ҳозир Россияда юз минглаб ўзбек гастарбайтерлари меҳнат қилади. “Озодлик” радиоси уларга нисбатан содир этилаётган жиноятлар юзасидан илгари ҳам бир неча марта хабар берган эди.

Ўзбекистон расмийлари уларни ҳимоя қилиш ҳақида сўралганда доимо бир гапни такрорлайди: “Бу шахслар Россияга ўз ихтиёри билан кетган ва уларнинг аксарияти миграция ҳужжатларига эга эмас. Шунинг учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконияти чекланган”.

Хўш, нега ўзбеклар Россияда қонуний асосда ишламайди?

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Фуқаролик кўмаги қўмитаси мутахассиси Светлана Ганушкинанинг таъкидлашича, ҳозир Россияда вазият шундайки, иш берувчи гастарбайтерни ёллаш учун ҳукуматдан қонуний рухсат олиши қийин. Хорижлик ишчи меҳнатидан ноқонуний фойдаланганлик учун жазо эса жуда енгил. Шунинг учун иш берувчи гастарбайтерни қулдек ишлатишни маъқул кўради.

С.Ганушкинанинг билдиришича, гастарбайтерлар маҳаллий ишчининг ярим ойлигига ишлашга ҳам рози. Шунга қарамай, уларга маош ўз вақтида берилмайди. Бунинг устида ёлловчи ва милиция ўзаро келишиб, гастарбайтерларга берилган маошни ҳам тортиб олиши кўп кузатилади.

Ўзбеклар Россияда дуч келаётган яна бир муаммо рус ёшларининг уларга нисбатан шовинистик муносабатидир.

С.Ганушкина бундай ҳолатлар юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

“Биласизми, бизда (гастарбайтерларга) муносабат, албатта, ҳар хил. Ксенофобия кун сайин авж олиб боряпти. Вазиятнинг мунтазам оғирлашиб бораётганини кўряпмиз. Ҳокимият эса бунга қарши умуман курашмаяпти. Шунинг учун ҳам гастарбайтерлар Россияда катта хавф остида қолмоқда. Яқин орада Россия бориш хавфли бўлган мамлакатга айланиб қолади”.

Россияда қанча хавф кутиб турганига қарамай, ўзбекистонлик гастарбайтерлар бу мамлакатга бораверади. Чунки, жамиятшуносларнинг таъкидлашича, ўз юртида меҳнатига яраша ҳақ олмас экан, уларнинг оқимини тўхтатиб қолиш қийин.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматовнинг МДҲ мамлакатлари раҳбарлари Остонадаги саммитда миграция ҳақида шартнома тузишга келишиб олгани ҳақида маълумот бергани эса гастарбайтерларнинг кўкрагига шамол тегишига умид уйғотади.
XS
SM
MD
LG