Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Янги қарор кимнинг манфаатларини кўзлайди?


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 399-қарорига кўра, 2004 йил 15 сентябрдан бошлаб мамлакатга вақтинчалик фойдаланиш учун олиб кириладиган импорт товарлар ва транспорт воситаларига ойлик бож тўлови жорий этилди.

Қарорда бу тўлов ҳар ойда товар ёки транспорт қийматининг 5 фоизи миқдорида бўлиши белгиланган. Товар ёки транспортга икки йил давомида тўлов тўлангандан сўнг улар мамлакатда эркин сотувга қўйилиши мумкин.

Давлат божхона қўмитаси вакили Шуҳрат Раҳмедовнинг таъкидлашича, бу қарорнинг қабул қилинишига бир қанча сабаблар бор. Шундай сабаблардан бири сўнгги вақтларда шахсий эҳтиёжи учун вақтинчалик фойдаланиш мақсадида олиб кирилаётган товарлар кўпайиб кетганидир.

Қарорда белгиланишича, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик хизматлари фойдаланадиган товарлар тўловдан озод этилади.

“Озодлик” мухбири мазкур қарор бевосита тегишли бўлган кишилар билан суҳбатлашди.

Суҳбатдош Гулсара Тойжонованинг сўзларига қараганда, қўшни давлатларда, жумладан, Қозоғистонда автомобиллар Ўзбекистондагидан 30-50 фоиз арзон. У ерда автомобилларни расмийлаштириш ҳам арзон ва қулай. Шу боис, ўзбекистонликлар қўшни мамлакатдан автомобиль сотиб олишга ҳаракат қилади. Бироқ машинани олиб ўтишда божхона тўлови жуда қиммат. Шунинг учун кишилар автомобилни вақтинчалик фойдаланиш тўғрисида ҳужжат тўғрилаб, Ўзбекистонга олиб киради.

Ўзбекистонлик автомобиль ишқибозларидан бирининг таъкидлашича, Қозоғистонда ишлаётган ўзбек тадбиркорлар у ердаги мавжуд имтиёзлардан фойдаланиб, қўшни давлатдан уй ва машина харид қилиш имконияти катта. Улар кейинчалик ўз машинасини Ўзбекистонга олиб киришга ҳаракат қилади.

“Яна бир жиҳати шуки, Ўзбекистонда, масалан, “Тико” русумли автомобиль харид қилинадиган пулга Қозоғистондан хорижий русумдаги, дейлик, “Мерседес” ёки “Ауди” автомобили сотиб олиш мумкин. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар мамлакатнинг ўзидан кўра хорижда 1-1,5 минг доллар арзонроқ. Фикримча, бизда машиналарнинг нархи жиноий йўллар билан сунъий равишда қиматлаштирилган. Бундан манфаатдор бўлган раҳбарлар борлиги кўриниб турибди. Айни шу раҳбарлар Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори қабул қилинишига эришган. Улар мамлакатда автомобиль нархининг сунъий равишда оширилгани фош бўлишининг олдини олишга интилмоқда. Чунки Ўзбекистонда саккиз йилдан буён автомобиль ишлаб чиқарилаётганига қарамай, уларнинг баҳоси пасаяй демайди”, дейди автомобиль ишқибози.

Унинг фикрича, ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад қўшни давлатлардан автомобиллар кириб келишини чеклаб, шу тариқа машина нархи сунъий оширилишидан фойда кўраётган ноқонуний монополистик гуруҳларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдир.
XS
SM
MD
LG