Линклар

logo-print

Ўзбекларнинг ихтироси америкаликларни ҳайратга солди

  • Садриддин Ашур

24 сентябрь куни Тошкентда “Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш –IWER-2004” халқаро семинари ниҳоясига етди. Тўрт кун давом этган ушбу тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон вакиллари иштирок этди.

Халқаро анжуман Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги ўртасида 2004 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси доирасида ташкил этилди.

Тадбир доирасида ёнғин билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш машқлари ўтказилди. Кимёвий, радиацион ва биологик ҳалокатларда муҳофаза тадбирларини ташкил этиш бўйича маърузалар тингланди.

АҚШ Қуролли Кучлари адмирали Жон Жексон семинардан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўзбекистонликларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлигига юксак баҳо берди. Унинг айтишича, семинар чоғида ўзбекистонликларнинг бу борадаги ишлари муҳокама қилинибгина қолмай, тажриба ҳам алмашилган.

Америкалик полковник Боҳлернинг таъкидлашича, ўзбекистонликлардан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар анчагина. Айниқча, ўзбеклар кашф этган иссиқ ўтказмайдиган, оловда ёнмайдиган ойнаванд йўлакча семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирган. У ёнғин вақтида жарбланувчиларни хавфсиз жойга олиш чиқишдаги янги технологиядир. Бу каби қурилма Америкада ҳам йўқ.

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Аҳмад Саидовнинг сўзларига қараганда, Марказий Осиё давлатлари ўртасида фавқулодда вазиятлар хусусида бир-бирига хабар бериш тўғрисида ҳукуматлараро шартнома имзоланган. Бу ҳужжатга кўра, жабр кўрган томон дарҳол ёрдам берилишини сўраб қўшни мамлакатларга мурожаат қилиши мумкин.

Адмирал Жон Жексоннинг эътирофича, қутқарувчиларнинг зудлик билан бошқа давлат ҳудудига ўтишида бир қанча муаммолар бор. Келгуси йил январда Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар вазирликлари вакиллари иштирокида ўтказиладиган тадбирда дарҳол ёрдам кўрсатишга тўсиқ бўлаётган виза тартиби масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Ўзбекистон ФВВ вакилининг маълум қилишича, фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича минтақа давлатлари ҳукуматлари ўртасида бир неча келишув мавжуд. Мазкур келишувлар ҳалокат чоғида қутқарувчиларга виза тартиби енгиллаштирилиши ҳам кўзда тутилган.

Семинар иштирокчилари навбатдаги шундай тадбирни АҚШнинг Аризона штатида ўтказишга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG