Линклар

Бепул витамин бериш билан иш битмайди


Саида Маълум бўлишича, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими юзасидан расмий ва норасмий статистик маълумотларда келтирилган рақамлар бир-биридан анча-мунча фарқ қилади.

Ўзбекистонда бир неча маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан ўтказилган “Аҳоли саломатлигини ўрганиш-2002” тадқиқотида кўрсатилишича, Фарғона вилоятида ҳар минг чақалоқдан 30 дан ортиғи вафот этади. Расмий статистикада эса бу кўрсаткич 20 тани ташкил этади. Оналар ўлими борасидаги кўрсаткичларда ҳам шундай тафовутни кўриш мумкин.

Мазкур тадқиқот оналар ва болалар ўлимини камайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан бирининг айтишича, айни пайтда Ўзбекистонда болалар ва оналар ўлимини камайтириш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Она ва бола саломатлигини ривожлантириш” лойиҳаси асосида иш олиб бориляпти. Умумий қиймати 40 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида туғруқхона ва болалар шифохоналари замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланади, болалар шифокорлари ва тиббиёт ҳамширалари тажрибасини оширишга қаратилган ўқувлар ташкил этилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда аёлларнинг 80 фоиздан ортиғида анемия, яъни камқонлик касаллиги мавжуд.

Педиатр Гулираъно Ортиқованинг таъкидлашича, болалар орасида ҳам камқонлик кенг тарқалган. Бунинг сабаби кўпгина оилалар витаминларга бой овқат истъмол қила олмаётганида. Организмда турли касалликлар пайдо бўлиши эса айнан витаминлар етишмаслиги оқибатидир. Ҳозир барча болалар тиббиёт муассасаларида 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болаларга баъзи витаминларни текин тарқатиш йўлга қўйилган. Бироқ бу йўл билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Зеро, бола ўзи учун зарур моддаларни оилада, овқатланиш жараёнида олиши зарур.

Ўзини таништиришни истамаган бир шифокорнинг билдиришича, сўнгги вақтларда аёлларда муддатидан олдин туғиш ҳолатлари кўпайган. Шунингдек, туғиш жараёнида кесер амалиёти кўп қўлланилмоқда. Бироқ бунинг сабаби соҳа мутахассисларининг тажрибасизлигида эмас, балки аёлларда турли экстрегенитал касалликларнинг кўпайиб бораётганидадир.
XS
SM
MD
LG