Линклар

logo-print

Пахтани ўқувчининг ёрдамисиз териб олиш қийин…ми?


Хоразмда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш бу йил ҳам давом этяпти. Мактаб ўқувчилари, коллеж ва лицей талабалари теримга жалб этилганига бир ҳафтадан ошди.

Хонқа туманининг Ал-Хоразмий номидаги ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган 3 та болалар боғчаси айни кунларда ишламаётир.

“Иқбол” болалар боғчаси мудираси Норжон Рўзметованинг билдиришича, боғчалар талаба ҳашарчиларга ётоқхона сифатида бўшатиб берилган. Боқчага Урганч тиббиёт коллежининг 300 га яқин талабаси жойлаштирилган.

Коллеж талабаларининг айтишича, улар 20 кун ўқигандан сўнг мажбурий равишда пахта теримига олиб кетилган. Улар бир ярим ой давомида пахта теради.

Боқчанинг ҳар бир хонасига қирқдан зиёд талаба жойлаштирилган. Ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари уйидан олиб келган гиламлар устида кўрпасини солиб ухлайди. Баъзи талабалар эса кўрпасини шундоққина тахта устига тўшаган. Талабалар ётоқ жойларининг санитария-гигиена ҳолати қониқарли эмаслигини маълум қилди.

“Иқбол” боғчаси яқинида 24-ўрта мактаб жойлашган. Мактаб директори Қуронбой Каримовнинг сўзларига қараганда, мактабнинг 150 дан зиёд юқори синф ўқувчиси 15 сентябрдан бошлаб теримга жалб этилган. 9-синфгача бўлган ўқувчилар эса ўқишни давом эттирмоқда.

Аммо “Озодлик” мухбири мазкур мактабнинг 6 ва 7-синф ўқувчилари ўқитувчилари бошчилигида турнақатор бўлиб пахта теримига кетаётганига гувоҳ бўлди. Ўқувчиларнинг айтишича, улар тушгача ўқиб, сўнг теримга чиқиб кетади. Уларнинг ҳар бири кунига 25 килограммдан пахта териб бериши шарт қилиб белгиланган. Бу мажбуриятни бажармаганлар ўқитувчилар томонидан жазоланади. Терилган пахта пулига синф хоналарини таъмирлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон қонунчилигида мажбурий меҳнат тақиқланган. Бироқ Хоразмда мамлакатнинг барча вилоятларида бўлгани каби ўқувчиларнинг қишин-ёзин далада меҳнат қилаётганига кўзингиз тушади. Ҳазорасп тумани касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Хушназар Хўжаниёзов болалар ёрдамисиз пахта ҳосилини йиғиштириб бўлмаслигини билдирди.

Мустақил кузатувчи Комилжон Абдуллаевнинг таъкидлашича, ўқувчилар ўқиш ўрнига далага чиқарилаётгани уларнинг билим олиш ҳуқуқи паймол этилишига сабаб бўляпти. Билимсизлик эса ўзбек миллатининг келажагига салбий таъсир кўрсатади.
XS
SM
MD
LG