Линклар

ДОТС қамоқхоналарда ҳам қўлланилади


Ҳакимбек Куни-кеча Тошкентда Европа, Америка, Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва халқаро ташкилотлар мутахассислари иштирокида “Сил касаллигини Марказий Осиё мамлакатларида назорат қилиш” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир қатнашчилари минтақада сил касаллигини камайтириш ва назорат қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистонда сил касаллигининг олдини олиш ва назорат қилиш ўқув маркази бошлиғи Абдулла Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, фуқароларнинг турли кўринишлари доимий миграцияси, иқтисодий қийинчиликлар натижасида мазкур хасталикнинг янги-янги ҳудудларга тарқалаётгани кузатилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда 100 минг аҳолига силга чалинган 70 бемор тўғри келади.

Қароргоҳи Нидерландияда жойлашган “Туберклозис” жамғармасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассиси Яап Вееннинг таъкидлашича, шўролар давлатининг парчаланишидан сўнг юзага келган иқтисодий бўҳронлар унинг таркибида бўлган республикаларда турли касалликларнинг, жумладан, силнинг кенг тарқалишига олиб келган. Марказий Осиё бўйича таҳлил этилса, Ўзбекистондаги вазият Қозоғистондагига қараганда яхшироқ, лекин Тожикистондагидан ёмонроқдир. Минтақанинг барча давлатларида силга чалинган беморлар сони ошиб боряпти. Лекин бу ҳолатни шифокорлар ишининг яхши йўлга қўйилгани натижасида силга чалинганларни рўйхатга олиш тартибга солингани билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Аксарият мутахассислар қамоқхоналар сил касаллиги кўп тарқаладиган жойлардан бири бўлиб қолаётганини айтмоқда.

Анжуман иштирокчиларидан бир гуруҳи бу борадаги вазият билан танишиш мақсадида Тошкентдаги қамоқхоналардан бирига таклиф этилган.

Ушбу гуруҳ аъзоларидан бирининг “Озодлик” мухбирига билдиришича, хорижлик мутахассислар қамоқхонага эмас, маҳбуслар даволанадиган шифохонага олиб борилган ва бу ердаги нисбатан яхши шароитлар билан таништирилган.

“Аммо қамоқхоналарда, айниқса, пойтахтдан узоқдагиларда асл вазиятнинг биз кўрганимиздан бир неча баробар ёмонлигини яхши биламиз”, деди у.

“Туберклозис” жамғармаси вакили Яап Вееннинг фикрича, қамоқхоналардаги вазият ёмонлиги силнинг тез тарқалишига замин яратади. Бир кичик хонада кўп одам сақланиши касаллик тарқалиш эҳтимолини кўпайтиради.

Анжуманда Ўзбекистонда 1998 йилдан буён амалга ошириб келинаётган, силга қарши курашишга қаратилган ДОТС дастурининг қамоқхоналарда ҳам қўлланиши масаласи муҳокама этилди. Яап Вееннинг маълум қилишича, жорий йилнинг октбярь ойидан қамоқхоналарда айни дастур бўйича илк ишлар амалга оширила бошланади.
XS
SM
MD
LG