Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:16

АҚШ ҳарбий кучлари Фаллужага ҳаводан зарба берди


Арол Куни-кеча Ироқ Бош вазири Ийяд Алавий Америка Конгрессининг қўшма мажлисида нутқ сўзлаб¸ "Ироқда вазият яхшиланмоқда¸ мамлакат ривожланиш йўлида шахдам одимлар ташламоқда"¸ деб таъкидлади. Аммо кўринишидан вазият Алавий тасвирлаганидан бошқачага ўхшайди. Хабарларга кўра¸ мамлакатнинг айрим шаҳарларида ҳужумлар¸ тўқнашувлар 25 сентябр куни ҳам давом этди. Шу куни АҚШ ҳарбий учқич ва танклари Фаллужа шаҳридаги гумон қилинган исëнчилар позицияларига зарба берди. Натижада ўнга яқин киши ҳалок бўлди. Айни пайтда бугун гаровдаги Британия фуқароси қатл этилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳамкасбим Азизулло Арол билан бугунги суҳбатимиз айни мавзу атрофида бўлади.

АҚШ кучларининг Фаллужада амалга оширган ҳарбий амалиëтидан кўзланган мақсад нима бўлган?

Ироқдаги АҚШ ҳарбий кучлари қўмондонлигига кўра¸ Фаллужа шаҳрининг айрим нуқталарига зарба беришдан мақсад Абу Мусаб аз-Зарқавийга тарафдор жанггариларни йўқ қилиш бўлган. Айтилишича¸ Ал-Қайдага алоқадор бўлган Зарқавий раҳбарлигидаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи жанггарилари Фаллужадан туриб¸ мамлакатнинг турли шаҳарларида ҳужумлар ва портлашлар уюштириб келмоқда. Мазкур гуруҳ бир неча чет эллик гаровга олиниб қатл қилингани учун масъулиятни ҳам ўз зиммасига олган. Фаллужада ана шу гуруҳнинг қароргоҳлари нишонга олиниб¸ зарба берилган.

Бу ҳужумлардан тинч аҳолига зарар етмадими?

Амалиëт натижасида камида етти киши ҳалок бўлди ва ўн бир одам жароҳатланди. Шаҳар касалхонасининг билдиришича¸ ҳалок бўлган ва яраланганлар ҳарбийлар бўлмаган. Улар орасида болалар ва аëллар ҳам бор. Воқеа гувоҳларидан бири гапиради:

"Биз эрталаб соат тўртда ҳужум қилинган уйнинг олдида эдик. Уйда болалар ва аëллар бор эди. Нега бу уйга ҳужум қилишди" ?

Аммо АҚШ ҳарбий кучлари томонидан тарқатилган баëнотда мазкур амалиëтда ҳарбий бўлмаган одамлар талафот кўрмагани айтилади.

Фаллужага ҳужум уюштирилган айни кунда Ироқнинг бошқа шаҳарларида ҳам тўқнашувлар юз берган. Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсак.

Анбарда АҚШ кучлари билан қуролли гуруҳ ўртасида юз берган отишмаларда Американинг тўрт аскари ҳалок бўлган. Бағдодда эса¸ миллий гвардия чақирув пунктига бораëтган бир гуруҳ ироқлик ўққа тутилган. Натижада камида беш киши нобуд бўлган ва икки одам қаттиқ яраланган.

Ироқ Муваққат ҳукумати ва АҚШ расмийлари Ироқдаги жорий вазиятни яхшилаш учун нималар қилмоқда?

Жума куни Ироқ муваққат ҳукумати Бош вазири Ийяд Алавий БМТ Бош Ассамблеясида ташкилот аъзоларига мурожаат қилиб¸ Ироқда терроризмни йўқ қилиб¸ демократик тузим ўрнатишда ëрдам беришларини сўради.

"Саддам Ҳусайннинг зулмкор режими ниҳоясига етиши билан Ироқ ва жаҳон хавфсизроқ бўлди¸ самарали ва изчил ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар вужудга келди"¸ - деди Алавий

АҚШ Президенти Жорж Буш¸ Вашингтон Ироқда давом этаëтган ҳужумларга қарамай¸ мамлакатни қайта тиклаш учун қўшимча маблағ ажратишини билдирди.

Бағдодда гаровга олинган Британия фуқаросининг қатл этилгани ҳақида маълуматлар пайдо бўлди. Бу маълумотларда қанчалик жон бўлиши мумкин?

Ҳозирча¸ фақат интернетдаги Исломий саҳифа орқали Кеннет Бигли қатл этилди деган хабар тарқатилган. Бу хабарни Британия ҳукумати ҳам¸ Британия Мусулмонлар Кенгаши ҳам жиддий қабул қилмаяпти. Британия мусулмонлари ташкилоти вакиллари Биглини қутқариш учун Бағдод томон йўл олганларидан кейин интернет орқали шундай хабар тарқатилди. Британия мусулмонлар Кенгаши Бош котиби ëрдамчиси Довуд Абдулла бу борада шундай дейди.

"Биз жаноб Бигли тириклигига ишонамиз. Уни гаровда ушлаб турганларга таъсир ўтказишимиз мумкин"¸ - деб таъкидлади Кенгаш вакили Абдулла.

Маълумки¸ Кеннет Бигли ва унинг икки нафар америкалик ҳамкасби 16 сентябрда Бағдодда Абу Мусаб аз-Зарқавий раҳбарлигидаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи аъзолари томонидан ўғирлаб кетилган эди. Жанггариларнинг Ироқ қамоқхоналаридаги барча маҳбус аëлларни озод этиш тўғрисидаги талаби бажарилмаганидан кейин¸ гаровдаги икки америкалик қатл этилган. Ушбу воқеадан уч кун ўтиб¸ гаровдаги учинчи шахснинг ўлдирилгани ҳақида ҳам хабар тарқалди.
XS
SM
MD
LG