Линклар

Ҳаққулободни зах бости


Сўнгги вақтларда Фарғона ва Наманган вилоятларининг айрим ҳудудларида ер ости сувларининг кўтарилиши кузатиляпти. Натижада аҳоли ўртасида касаллик кўпайиб, экин майдонлари, боғ-роғлар ишдан чиқмоқда.

Наманган вилоятининг Норин тумани маркази Ҳаққулобод шаҳридаги баъзи хонадонларда қуриб ётган мевали дарахтлар ва қамишзорга айланган томорқаларга кўзингиз тушади. Аҳоли истиқомат қилувчи уйлар остидан сизиб чиқаётган сув ҳовлига ўтиб, катта-кичик кўлмаклар ҳосил қилган. Хонадонларни эса зах босган.

Норин тумани “Иссиқлик манбаи” корхонаси ишчиларидан бирининг айтишича, сув ости суви кўтарилиши оқибатида корхонага қарашли қозонхоналар биноларининг деворлари шўрлаб кетган. Қишга тайёргарлик юзасидан текширув ўтказишга келган мутасаддилар аҳволни кўриб, нима қилишни билмай, таажжубланиб қайтиб кетади.

Ҳаққулободликларнинг таъкидлашича, зах босгани сабабли кишилар ўртасида диабет, сариқ касали ва бошқа хасталиклар кўпайган. Лекин маъмурлар мавжуд аҳволни яхшилашга ҳаракат қилаётгани йўқ.

Ҳаққулободда истиқомат қилувчи иқтисодчи олим, иқтисод фанлари номзоди Расул Абдумажидовнинг билдиришича, шаҳар қамишзор ўрнида барпо этилган бўлиб, шўролар даврида бу ерда бир неча дренажлар бўлган. Улар ёрдамида сув ости суви тортиб олиниб, зовурларга оқизилган. Мустақиллик даврига келиб дренажлар эскириб, ишдан чиққан, зовурлар эса кўмиб юборилган. Айни пайтда сув ости сувларининг кўтарилиб бораётгани шуларнинг оқибатидир.

Олимнинг эътирофича, маъмурларнинг масъулиятсизлиги туфайли туманда сўнгги 12 йил давомида сув ости сувлари 2,5 метр кўтарилган. Бунинг натижасида 7,5 минг хонадон сувга тўлган. 873 хонадон тумандан кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Норин тумани ҳокими Садриддин Отамирзаевнинг маълум қилишича, мазкур муаммони ҳал қилиш жорий йил режасига киритилган. Шу мақсадда янги техника воситалари ҳам келтирилган.
XS
SM
MD
LG