Линклар

“Собиқ маҳбусалар озодликда ҳам ўзини эркин ҳис этмайди”


Саида Бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар учун ягона колония мавжуд. “Озодлик” мухбири ушбу колониянинг собиқ маҳбусаси билан қамоқхона шароити ва ундан кейинги ҳаёт ҳақида суҳбатлашди.

Собиқ маҳбуса Светлана Радионованинг сўзларига қараганда, у 1998 йилда гиёҳванд моддалар тарқатишда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Колонияда 67 дроб 4 рақамли маҳбуса бўлган. Президент фармони асосида эълон қилинган амнистия туфайли яқинда озодликка чиққан.

“Албатта, қамоқхонадаги ҳаётни ширин деб бўлмайди. Бу ерда аёллар турли руҳий ва жисмоний зарбаларга учрайди. Қўриқчи аёллар (қамоқхонада улар “дубачка” деб аталади) маҳбусаларга ҳаддан ташқари қўпол муомалада бўлиб, жуда нафрат билан қарайди. Имконият топилди дегунча маҳбусаларни хўрлаш ва резина таёқ билан дўппослашдан ўзини тия олмайди. Колонияда маҳбусалар учун ҳеч қанақа шароит йўқ деса ҳам бўлади. Чўмилиш учун совун топиш катта муаммо. Тиббий хизмат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Маҳбусалар кўнгилни айнитадиган овқатни фақат ўлиб қолмаслик учун танаввул қилади”, дейди С.Радионова.

С.Радионованинг таъкидлашича, колонияда орттирилган иммун танқислиги синдромига (ОИТС) чалинган аёллар кўп. Илгари улар алоҳида сақланган. Аммо улар сони кўпайиб кетгандан сўнг соғлом аёллар билан битта баракка жойлаштирилган. 30 кишига мўлжалланган баракда юздан ортиқ маҳбус аёл сақланган.

С.Радионова қамоқхонада ўтган кунларини қўрқинчли тушдек эслайди.

“Бироқ озодликдаги ҳаётни ҳам яхши деб бўлмас экан. Одамлар қамоқққа тушган кишилар озод бўлгач, жиноят қилишдан тийилади, қамоқ уларга сабоқ бўлди, деб ўйлайди. Асло ундай эмас. Қамоқхонадаги айрим аёллар кейинги сафар жиноятни янада пухтароқ амалга ошириш йўлларини излайди. Амнистияга тушган маҳбусаларнинг аксарияти 3-4 ой ўтиб, яна қамоққа қайтади. Бунинг сабаби шуки, маҳбусалар қамоқдан чиққач, ҳуқуқ-тартибот органлари рўйхатининг бошида туради ва ҳар қандай жиноят учун биринчи гумон уларга тушади. Бундан ташқари, иш топиш муаммосини ҳал эта олмаган собиқ маҳбусалар яна эски одатини бошлайди. Энг даҳшатлиси, қамалиб чиққан аёл озодликда ҳам ўзини эркин ҳис этмайди”, дейди С.Радионова.

Аёллар колониясида хорижий ташкилотлар лойиҳаси асосида ишлаган нодавлат ташкилотлардан бирининг раҳбари Ирина Михайлованинг айтишича, маҳбус аёлларни энг кўп қийнайдиган муаммо ижтимоий кўникишдир. Яъни улар қамоқдан чиққандан сўнг қандай қилиб жамиятда ўз ўрнини топишни кўпроқ ўйлайди. Шунга қарамай, маҳбус аёллар эркинликка чиққандан сўнг кўп ҳолларда ўз ўрнини топа олмайди ва қайтадан жиноятга қўл уради.
XS
SM
MD
LG