Линклар

Ўзбек адабиёти етук мутахассисдан айрилди

  • Барно Анвар

Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Бегали Қосимов 62 ёшида хасталикдан вафот этди. У сўнгги вақтларда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетининг миллий уйғониш даври адабиёти кафедрасини бошқарарди.

Ўзбекистон адабий жамоатчилиги Б.Қосимовнинг вафот этганини катта йўқотиш сифатида баҳоламоқда. Зеро, у миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини чуқур ўрганган, бу борада тадқиқотчилик мактабини яратган инсонлардан биридир. Олимнинг аксарият сафдошлари, шогирдлари, аҳли илм унинг эрта вафот этганига қарамай, ўзбек адабиёти учун, адабиётчилар, филологлар ва журналистларни етиштириб бераётган филология факультети учун катта хизмати сингганини таъкидлаётир.

Ўзбек филологияси факультети декани, филология фанлари номзоди Баҳодир Каримовнинг сўзларига қараганда, миллий уйғониш даври ўзбек адабиётини ўрганишни Б.Қосимовсиз тасаввур қилиш қийин. Олим ўтган асрнинг 60-70-йилларидаёқ ушбу давр адабиёти ҳақида жиддий тадқиқотлар эълон қилган. Яқинда нашрдан чиққан “Миллий уйғониш” китоби Бегали Қосимовнинг сўнгги йилларда олиб борган энг муҳим тадқиқотларидан биридир. “Излай-излай топганим”, “Маслакдошлар” китоблари, Исмоил Гаспирали ҳақидаги асарлари, ўқув қўлланмалари илмий жамоатчилик ва талабалар учун жуда муҳим манба ҳисобланади.

Филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоевнинг таъкидлашича, Б.Қосимовнинг саъй-ҳаракати туфайли ўзбек филологияси факультети жадидчилик адабиётини ўрганиш марказига айланган. Олимнинг “Инқилобий шеърият саҳифалари” китобида 20-аср аввалида яшаб ўтган, шу пайтга қадар жамоатчиликка номаълум бўлиб келган шоир ва адабиётшуносларнинг номлари тикланган. Олий ва умумий ўрта таълим тизими учун яратилган адабиёт фани дарсликлари яратилишида ҳам Б.Қосимовнинг катта ҳиссаси бор.
XS
SM
MD
LG