Линклар

Туркманбоши Ислом Каримов билан Бухорода учрашади

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов ўзаро телефон сўзлашуви чоғида ноябрь ойида Бухорода учрашишга келишиб олган.

Уларнинг сўнгги бевосита учрашуви 2002 йилнинг баҳорида Ашхободда бўлиб ўтган эди. Аммо 2002 йилнинг 25 ноябрида С.Ниёзов ҳаётига суиқасд уюштирилгандан кейин икки давлат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар йўққа чиқди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокировнинг сўзларига кўра, расмий Ашхобод Ўзбекистонни мазкур воқеага алоқадорликда айблаган. 2002 йилнинг 16 декабрида эса Туркманистон махсус хизмати вакиллари Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонасига бостириб кириб, тинтув ўтказган. Улар С.Ниёзовга суиқасд уюштиришга гумон қилинган Борис Шихмуродовни (Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири) излаган. Шундан сўнг расмий Тошкент Ашхободни дипломатик муносабатлар ҳақидаги Вена конвенциясини бузишда айблаган. Шундан бўлса-да, Ўзбекистон томони вазиятни таҳлил қилиш, туркман расмийларининг бу борадаги фикрини ўрганиш мақсадида музокаралар ташкил этиш таклифи билан бир неча марта мурожаат қилган. Бироқ Туркманистон бу таклифларга жавоб қайтармаган.

И.Зокировнинг айтишича, Ўзбекистонга қўйилган айблар оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган. Лекин расман айблов эълон қилингани йўқ.

И.Зокировнинг маълум қилишича, 24 сентябрь куни И.Каримов С.Ниёзов билан телефон орқали суҳбатлашиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилган, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашган.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Эрон ва Туркияга Туркманистон орқали чиқишдан ҳамма вақт манфаатдор бўлиб келган. Лекин Ўзбекистон-Туркманистон ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлиги бу борадаги лойиҳаларнинг амалга ошмаслигига сабаб бўлган. Ўзбекистон ҳатто Хоразм ва Қорақалпоғистонга Туркманистон орқали ўтадиган темир йўлдан ҳам воз кечиб, ўз ҳудудида янги темир йўл қуришга мажбур бўлган.

Шунга қарамай, И.Зокировнинг билдиришича, ҳозир икки давлат ўртасида жиддий муаммолар йўқ. Аммо майда муаммолар ҳам тобора йиғилиб бормоқда. Хусусан, икки давлат ўртасидаги умумий чегаранинг делимитация қилинганига уч йил бўлди. Аммо демаркация юзасидан шу кунгача бир қадам ҳам олға силжиш кўзга ташланмайди.

Жамиятшуносларнинг эътирофича, Туркманбошининг “Туркман денгизи” яратиш лойиҳаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва экологиясига катта зарар келтиради. Чунки сунъий денгиз қуриб битказилса, туркманлар Амударёдан оладиган сув миқдори кўпаяди ва бу Оролбўйи минтақасига жиддий хавф туғдиради. Шу билан бирга, Кўкдумалоқ нефть конида ўзбекистонликлар олиб бораётган ишлардан ҳам Туркманистон қониқмаётир. Бу кон икки давлат ҳудудида жойлашган бўлиб, нефть қазиш билан Ўзбекистон шуғулланади. Туркманлар эса Ўзбекистон қазиб олинган маҳсулотни келишув бўйича тақсимламаётганидан эътироз билдириб келади.

Хуллас, икки давлат ўртасида тўпланиб қолган муаммолар анчагина. Хўш, Бухородаги бўлажак учрашувнинг истиқболдаги муносабатларга таъсири қандай бўлади?

К.Алиевнинг фикрича, ўзбек ва туркман халқи (тўғрироғи ҳукуматлари) ўртасидаги совуқчилик узоқ давом этиши мумкин эмас. Шунинг учун Бухородаги музокаралар муносабатларнинг тикланишига, икки тарафлама манфаатли алоқалар йўлга қўйилишига олиб келиши мумкин.
XS
SM
MD
LG