Линклар

“Ички цензура расмийсидан ҳам ёмонроқ”


Ҳакимбек Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Ахборот воситаларига хизмат кўрсатиш халқаро консалтинг фирмаси президенти Жорж Кремский шу кунларда Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турибди.

Ж.Кремский дунёнинг етакчи ахборот агентликларидан бири бўлмиш “Ассошейтед пресс”нинг собиқ мухбири. У қарийб 20 йил давомида собиқ СССР, Яқин Шарқ мамлакатларида ишлаган. Ж.Кремский айни пайтда раҳбарлик қилаётган муассаса ОАВ ривожи йўлида турли семинар ва тренинглар ўтказади. У сўнгги 7 йил давомида Марказий Осиё оммавий ахборот воситаларини мунтазам кузатиб келади.

“Озодлик” мухбири фурсатдан фойдаланиб, Ж.Кремский билан Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳақида суҳбатлашди.

Мухбир: Жаноб Кремский, Сиз Марказий Осиё матбуоти билан яқиндан танишсиз. Бир ярим ойдан ортиқроқ вақтдан буён Ўзбекистонда журналистларга сайлов жараёнлари хусусида маъруза ўқияпсиз. Хўш, Сизнингча ўзбекистонлик журналистларнинг сайловга тайёргарлиги қай даражада?

Кремский: Ўзбик журналислари билан мулоқотларим натижасида аён бўляптики, улар яқинлашиб келаётган парламент сайловига эндигина тайёрлана бошлаяпти. Албатта, бу сайлов Ўзбекистон тарихида муҳим воқеа. Чунки мамлакатда икки палатали парламент жорий этилмоқда. Бу эса журналистлардан парламентнинг ишлаш тизими борасида кўпроқ ўрганишни талаб этади. Шунга қарамай, бу тўғрида журналистларга доимий маълумот бериб турадиган марказ ҳали йўқ экан. Лекин мен журналистларда бундай марказга кучли эҳтиёж борлигини сезяпман.

Мухбир: Ташрифингиз давомида кўплаб журналистлар билан мулоқотда бўлдингиз. Ўзбек журналистларининг ҳуқуқий саводхонлиги ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Кремский: Журналистлар ҳуқуқий саводхонлиги Ўзбекистондаги жуда нозик масала. Улар ўз ҳуқуқларини билишга астойдил интилмайди. Аслида улар ҳуқуқлари нималардан иборатлигини билмайди. Шунга қарамай, маҳаллий журналистларнинг бу борадаги билимлари халқаро ташкилотлар ёрдамида ўтказилаётган семинарлар туфайли ошиб боряпти. Маълумки, 2002 йилнинг майида цензура расман бекор қилинди. Лекин энди журналистлар ички цензура деган бошқа муаммога дуч келган. Ички цензура расмий цензурадан ҳам ёмонроқ. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва лицензиялаш тобора қийин бўлиб боряпти. Бу ерда хусусий ОАВни назорат қилишнинг илгари учрамаган тури кўзга ташланмоқда. Лекин мен барибир оптимистман, вазиятнинг яхшиланишидан умидворман.

Мухбир: Ўзбекистон ОАВда ижтимоий муаммолар қай даражада ёритиляпти, деб ўйлайсиз?

Кремский: Мен ўзбек тилини ўқиб тушуна олмайман, лекин рус тилини биламан. Менга жамиятда кўплаб масалалар, айниқса, иқтисодий муаммолар тўлалигича ёритилмаётгандек туюляпти. Журналистларда мавжуд муаммоларни собиқ иттифоқ давридаги усулда, яъни бевосита эмас, балки қоғозга ўраб кўтаришга уриниш бор. Шу йўналишда ёзилган бир неча фелъетон ва мақолалар билан танишдим. Шулардан хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ривожланаётган демократик мамлакатлардан фарқли ўлароқ, ўзбекистонликлар жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида маҳаллий ОАВ орқали мукаммал маълумот олмайди. Бу борада Ўзбекистон жуда орқада. Ўзбек матбуоти ичига ҳар нарса тиқиб тўлдирилган қопга ўхшайди.

Мухбир: Бу аралаш-қуралашнинг ичида оз-моз эркинлик ҳам бор демоқчимисиз?

Кремский: У ҳали бутунлай эркин матбуот эмас, буниси аниқ. Аммо ўзбек матбуоти жуда катта салоҳиятга эга. Шу боис, мен уни ҳамма нарса аралаштириб тиқилган қопга ўхшатдим. Салоҳият шундаки, бу ерда жуда яхши таълим кўрган журналист кадрлар кўп. Уларнинг ўзларида ҳам иқтисодий, ижтимоий, сиёсий мавзуларда кўпроқ ёзишга интилиш сезилади. Лекин ахборот танқислиги боис буни мукаммал амалга ошира олмайди.
XS
SM
MD
LG