Линклар

“Моҳият” судда ютқизди


Феруза Яқинда “Моҳият” мустақил газетаси, журналист Мўмин Қаюм ва Ангрен шаҳридаги болалар шифохонаси бош шифокори Гулсара Эрбўтаева ўртасида бир ярим йилдан ортиқроққа чўзилган суд жараёни ниҳоясига етди.

Газета бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Дамин Жумақуловнинг маълум қилишича, суд даъвогар Г.Эрбўтаева фойдасига ажрим чиқарган. Ажримга кўра, газета суд харажатлари учун 75 минг сўм тўлаши ва Г.Эрбўтаевадан кечирим сўраб, раддия бериши лозим. Журналист М.Қаюм эса суд харажатлари учун 75 минг сўм, маънавий зарар етказганлик учун 500 минг сўм тўлаши керак.

Д.Жумақуловнинг таъкидлашича, журналист Мўмин Қаюм судга оммавий ахборот воситаларидаги матнларни таҳлил қилишга мутасадди бўлган давлат ташкилотларининг хулосасини ҳам тақдим этган. Хулосада унинг мақоласи фельетон жанрининг яхши намунаси экани, унда инсон шаънини ҳақоратловчи сўзлар йўқлиги билдирилган.

Суд ҳайъати мазкур мақола юзасидан экспертиза ўтказиш учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти, Ўзбекистон Миллий университети ва Жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетларига мурожаат қилгани, бироқ бу муассасалардан тегишли жавоб олмаганини қайд этган эди.

Бироқ Тил ва адабиёт институти вакили Раҳматилла Баракаевнинг таъкидлашича, мақола публицистик жанрга хослиги, институт мутахассислари эса фақат бадиий матнга баҳо беришга ваколатли экани, бу масалани фақат журналистик ташкилотлар ҳал этиши лозимлиги ҳақида суд ҳайъатига ўз вақтида маълум қилинган.

Жаҳон тиллари университети журналистика факультети ходимлари эса суддан айни мазмундаги мурожаат бўлмаганини таъкидлади.

Д.Жумақулов газета суднинг ажрими юзасидан Олий судга назорат тартибида мурожаат этишини таъкидлаб, Олий суд бу масалани холис ҳамда адолатли ҳал қилишига умид билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ангрен шаҳридаги болалар шифохонаси бош шифокори Г.Эрбўтаева “Моҳият” газетасида эълон қилинган танқидий мақоласида журналист Мўмин Қаюм шахс шаъни, қадр-қимматини камситувчи, шунингдек, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатганини даъво қилиб, судга ариза киритган эди. Судда эса мақолада номлари келтирилган бемор болаларнинг яқинлари барча фактлар тўғри эканини тасдиқлаганди.
XS
SM
MD
LG