Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:17

Мансабдор ўз шаънини ҳимоя қилишга ҳақли


Шайбон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида оммавий ахборот воситалари муаммоларига бағишлаб олтинчи минтақавий анжуман ўтказди. Анжуман чоғида ЕХҲТ вакили Миклош Ҳарасти мазкур ташкилот Марказий Осиё давлатлари қонунчилигида мавжуд бўлган туҳмат ва қадрт-қимматини камситиш айби билан журналистларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатларига қарши кампания бошлашини маълум қилди.

М.Ҳарастининг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида жиноят кодексларининг туҳмат ҳақидаги моддаси асосида журналистлар мунтазам равишда жазога тортилади. Бундан Ўзбекистон ҳам мустасно эмас. Бу ҳолат эса демократик принципларга зиддир.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган айрим журналистлар Ўзбекистонда қалам аҳлининг туҳмат қилгани учун жавобгарликка тортилгани ҳақида эшитмаганини билдирди.

“Мен бундай суд жараёнини эслай олмайман. Назаримда бу ҳақда овоза қилаётган шахслар Ўзбекистондаги вазият билан яхши таниш эмас”, деди Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси раисаси Инера Сафаргалиева.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаров ҳам бундай ҳолатлар Ўзбекистонда деярли учрамаслигини таъкидлади. Унинг айтишича, маҳаллий матбуотда амалдорлар танқид қилинган мақолалар деярли учрамайди. Демак журналистнинг туҳмат қилгани учун судга берилишига асос йўқ. Лекин шундай ҳолат юз берганда ҳам Ўзбекистонда бу қонунбузарлик учун жазо анча юмшоқ. Биринчи марта журналист маъмурий жазога тортилиб, унга жарима қўлланилади. Агар туҳмат қилганлик учун яна қайтадан иши судга тушса, шундай сўнггина журналист жиноий жавобгарликка тортилади.

Ҳуқуқшунос журналист Турсунали Акбаровнинг эътирофича, катта амалдорларнинг журналистни шу асосда судга бергани учрамайди. Бироқ кичикроқ мансабдорлар шаъни, қадр-қиммати камситилгани юзасидан журналист устидан судга мурожаат қилиши учраб туради.

Т.Акбаровнинг фикрича, амалдор ҳам фуқаро. Шунинг учун агар журналист ҳақиқатан ҳам туҳмат қилиб, ёлғон маълумот тарқатган бўлса, мансабдор шахс унинг устидан судга мурожаат этишга барча фуқаролар қатори ҳақли.
XS
SM
MD
LG