Линклар

Колин Пауэлл: Ироқда вазият ёмонлашмоқда.

  • Ҳасанжон

Ироқда хавфсизлик билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, деярли кундалик равишда мамлакатнинг турли шаҳарларида рўй бераётган тўқнашувлар оқибатида ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч аҳоли нобуд бўлмоқда. 27 сентябр куни Ироқда исёнчилар уюштирган ҳужумлар оқибатида камида 11 одам нобуд бўлган. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакилларидир. Айни пайтда, душанба куни АҚШ учқичлари Бағдоднинг Садр шаҳарчаси чеккасидаги исёнчилар яширингани гумон қилинган жойларни бомбардимон қилди. Якшанба куни эса АҚШ Давлат Котиб Колин Пауэлл Ироқдаги вазият ёмонлашаётганини тан олди. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан бугунги мулоқот шу мавзуда.

К.В.: Ҳасанжон, Ироқда беқарорлик кучайиб бораётганига нима сабаб бўляпти?

Ҳ.: Ҳурмат, хабарингиз бор, келаси йил 31 январигача Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Янги парламент эса Ийад Алавий раҳбарлигидаги ҳозирги ҳукумат ўрнига муваққат ҳукуматни тузади ҳамда янги конституцияни ишлаб чиқади.

Муваққат ҳукумат келаси йил сўнггида ўтказилиши белгиланган сайловларга қадар фаолият олиб боради.

Ироқдаги исёнчилар эса ана шу сайловлар ўтказилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Бироқ, АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл “ЭйБиСи” телеканалига берган интервюсида Америка ҳукумати Ироқда сайловлар ўтказилиши учун қўлидан келган ишларни қилаётганини билдирди:

”Биз Ироқда ҳамма январ ойи охиригача сайловларда қатнашиш имкониятига эга бўлишини ва мамлакат қандай бошқарилиши хусусида ўз фикрини билдиришини хоҳлаймиз“ - дейди АҚШ Давлат Котиби.

К.В.: Биламизки, АҚШ сиёсий доираларида Ироқ масаласида якдиллик йўқ. Айниқса, республикачилар ва демократлар ўртасида. Ироқдаги сайловлар хусусида вазият шундайми? Яъни, бу масалага ҳам америкалик сиёсатчилар турлича ёндашяптими?

Ҳ.: Ҳа, Ироқ сайловлари ҳақида ҳам бир-бирига қарама-қарши фикрлар айтиляпти.

Масалан, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Ричард Армитаж жума куни Конгрессда қилган чиқишида Парламент сайловлари Ироқнинг барча ҳудуди, жумладан исёнчилар зўравонликлар содир этаётган минтақаларда ҳам бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Бироқ, Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд, агар баъзи жойларда исёнчилар ироқликларнинг сайловларда қатнашишига йўл қўймаса, сайловларни бутун мамлакат бўйлаб эмас, маълум минтақаларда ўтказиш кераклигини айтади. Рамсфелд фикрича, бу йўқдан кўра яхшироқ.

Рамсфелд гапларини шарҳлар экан, Давлат котиби Колин Пауэлл сайловлар қонуний бўлиши учун унда барча ироқликларга овоз бериш имконияти яратилиши керак, деди.

Айни пайтда, АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий кучлари қўмондони генерал Жон Абизаид Ироқда сайловлар ўтгунича мамлакатдаги вазият яхшиланмаслигини башорат қилди. Шунга қарамай, Абизаид сайловлар Ироқнинг аксарият минтақаларида бўлиб ўтишига ишонишини айтди.

”Мен Ироқнинг барча минтақаларида тўлиқ, эркин, адолатли ва тинч сайловлар бўлиб ўтади, деб 100 фоиз кафолат беролмайман. Лекин сайловлар бўлиб ўтиши учун Ироқнинг баъзи минтақаларида курашишга тўғри келиши мумкинлигини тан оламан“ - дейди АҚШ генерали.

К.В.: АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари Ироқнинг бир неча шаҳарларида ҳарбий ҳаракатлар олиб боряпти.
Сайловларни ўтказиш жиҳатидан қайси жойлар энг нобарқарор ва нотинч бўлиши мумкин?

Ҳ.: Ироқда камчиликни ташкил этган суннийлар асосан Рамади, Самарра ва Фаллужа шаҳарлари ва унга туташ минтақаларда яшайди. Генерал Жон Абизаидга кўра, асосан сунний мусулмонлар яшайдиган минтақалар АҚШ кучларига қарши бош кўтармоқда. Бошқа минтақалар эса нисбатан осойишта.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл СиЭнЭн телеканали мухбири билан суҳбатда Америка ҳарбийлари аввал Рамади ва Самарра шаҳарларида вазиятни тўлиқ назорат остига олишини ва ундан кейин Фаллужа масаласи хал этилишини билдирди.

Лекин шиалар яшовчи ҳудудларни ҳам у қадар барқарор, деб бўлмайди. Тингловчимиз ёдида бўлса керак, яқинда шиалар етакчиси Муқтадо ас-Садр Нажафда АҚШ кучларига жиддий қаршилик кўрсатган эди.

Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG