Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:04

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ Давлат Департаментининг хорижий террорчи гуруҳлар рўйхатида қолмоқда


2004 йил 24 сентябр куни АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини ўзининг хорижий террорчи гуруҳлар рўйхатида қолдирганини билдирди. Маълумки, Ўзбекистон Исломий Ҳаркати 1999 ва 2000 йил август ойларида Қирғизистон ва Ўзбекистонга ҳуружлар уюштирган. Шундан сўнг, 2000 йил сентябрида АҚШ Давлат Департаменти бу ташкилотни ўзининг хорижий террорчи гуруҳлар рўйхатига биринчи марта киритди. Давлат Департаменти ушбу рўйхатни ҳар икки йилда янгилаб туради.

АҚШ Давлат Департаменти билдиришича, АҚШнинг терроризмга қарши кураши доирасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати “Исломий жиҳод” каби иттифоқчилари билан бирга Давлат Департаментининг хорижий террорчи гуруҳлар рўйхатида қолдирилган.

Давлат Департаменти хорижий террорчи гуруҳлар рўйхатини ҳар икки йилда қайта кўриб чиқиши айрим гуруҳлар номини қора рўйхатдан ўчириш, бошқа террорчи гуруҳларни рўйхатга киритиш имконини яратади.

АҚШ қонунлари мазкур рўйхатига киритилган гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатилишини тақиқлайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Илҳом Зокиров душанба куни Тошкентда Озодлик радиосига Давлат Департаментининг қарорини изоҳлиб, у терроризмга қарши кураш борасида АҚШ ва Ўзбекистон бир хил позицияда эканини кўрсатганини таъкидлади:

”Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, умуман халқаро терроризмга қарши кураш масаласида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари позицияси бир хил. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШнинг хорижлик террорчи гуруҳлар рўйхатида қолдирилгани, бизнинг бу гуруҳга берган баҳомиз тўғри эканини яна бир бор кўрсатиб турибди. Ўтган икки йил давомида америкаликлар фикри ўзгармагани ҳам бу масалада биз ҳақ эканимизни тасдиқлайди“ - дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Марказий Осиё бўйича покистонлик таҳлилчи Аҳмад Рашид Озодлик мухбири билан суҳбатда Америка ҳукумати Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолиятига жиддий эътибор беришини айтади:

”Ўзбекистон Исломий Ҳаракати америкаликлар учун катта аҳамиятга эга, чунки Покистонда ташкилотнинг кўплаб жанггарилари бор. Ҳозирда Покистон ҳарбийлари уларга қарши ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда. Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг кўплаб аъзолари Ўзбекистонда ҳам бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати яқинда Тошкентда содир этилган портлашларга Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг алоқадорлигини маълум қилди. Бу баёнот қанчалар нотўғри буниси номаълум. Лекин, қандай бўлмасин Ўзбекистон Исломий Ҳаракати террор тахдидини солишда давом этмоқда. Шунинг учун америкаликлар бу ташкилотни террорчи гуруҳлар рўйҳатида қолдирди“ - дейди покистонлик журналист Аҳмад Рашид.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ Давлат Департаментининг террорчи гуруҳлар рўйхатида қолдирилгани гуруҳ фаолиятига тўсқинлик қиладими деган саволга Аҳмад Рашид:

”Бу рўйхат АҚШ ҳукумати мамлакат ичида кўриши мумкин бўлган чоралар, хусусан гуруҳга тегишли банк ҳисобларини музлатиш, унинг идорасини ёпиш ёки ташкилот вакилларини ҳибсга олиш ишларини ўтказиш имконини беради. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШда ўзига ёрдам берадиган манбага эга эмас. Шунинг учун, фикримча, Давлат Департаменти қарори гуруҳ фаолиятига жиддий таъсир этмаса керак“ - дейди покистонлик мустақил журналист Аҳмад Рашид.
XS
SM
MD
LG