Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:56

Наркотикларга қарши кураш учун яна бир бор бел боғланди


27-28 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳрида 10 дан зиёд бир-бирига қўшни давлат божхона хизматлари вакиллари учрашиб, наркотиклар ғайриқонуний савдоси муаммоларини муҳокама қилди.

Марказий Осиёдаги беш мамлакат, Покистон ва Эрон, Хитой ва Россия ҳамда Германия ва Афғонистон божгирларининг бу учрашувини Халқаро Божхона Ташкилоти уюштирди.

Тадбирни ўтказиш жойи сифатида Қозоғистон танланганини шу мамлакат Божхона назорати агентлиги раиси Бердибек Сапарбаев мана бундай изоҳлади:

"Қозоғистон Европа билан Осиё ўртасидаги мамлакатдир. Афсуски, наркотик моддалар контрабандаси билан шуғулланувчилар Осиёдан Европага бизнинг мамлакат ҳудудидан ўтади. Ташилаётган гиёҳванд моддаларнинг асосий қисми Афғонистондан. Бу мамлакатдан олиб чиқилган қорадори минтақа мамлакатлари ҳудудидан ўтказилади. Шунинг учун ҳам биз қўшни мамлакатлар божгирларини таклиф қилдик, улар билан наркотиклар контрабандасига қарши биргаликда кураш чораларини муҳокама қилмоқчимиз".

Бердибек Сапарбаевнинг айтишича, учрашувда муҳокама қилинаётган муаммони ҳал қилиш йўлида Қозоғистоннинг бир қатор амалий таклифлари бор. Ўша таклифлардан бири итларни наркотик моддалар топишга ўргатиш билан шуғулланувчи Қозоғистондаги муассасани халқаро марказга айлантиришдир.

"Қозоғистондаги Кинология марказини Халқаро марказга айлантирсак, унинг нафақат қозоғистонлик, балки қўшни давлатлар божгирларига ҳам фойдаси теккан бўларди. Иккинчи таклифимиз Олмаотада божгирлар тайёрлайдиган халқаро ўқув юрти очишдир,"- деди Бердибек Сапарбаев.

12 мамлакат божгирларининг Олмаота учрашувини, бояроқ айтилганидай, Халқаро Божхона Ташкилоти уюштирди. Ташкилот Бош котиби Мишель Дане анжуманда қилган чиқишида:

"Афғонистон билан қўшни мамлакатлар Божхона хизматлари бошлиқлари учрашувининг Олмаотада ўтиши ўта аҳамиятлидир. Ўзининг геосиёсий вазиятидан келиб чиқибми ёки наркотик моддалар ғайриқонуний ташилишида транзит ҳудуд бўлиб қолгани учунми, бандан қатъиназар Қозоғистон бу муаммога жиддий эътибор билан қараяпти,"- деди. Бироқ, унинг фикрича, ҳали шу пайтгача, наркотик моддалар ғайриқонуний савдосига қарши курашнинг жиддий самара берадиган усули топилган эмас.

Гап наркотик моддалар контрабандасига қарши кураш устида борар экан, Қирғизистон Республикаси Божхона хизмати раиси ўринбосари Абдуҳаким Абсаттаров кутилмаган таклиф киритди.

"Барча мамлакатларда гиёҳванд моддаларга қарши кураш билан шуҳулланувчи идора, ташкилот, муассасалар бор. Бу идораларни ушлаб туриш учун наркотикларга сарфланадиган маблағдан кўпроқ маблағ сарфланаяпти. Шунинг учун ўша маблағларни ҳаммасини жамлаш лозим. Афғонистонликлар эса, кўкнорни етиштираверсин. Дунё бўйлаб жамланган маблаққа етиштирилган кўкнорни сотиб олиб, ўша ернинг ўзида йўқ қилсак, тўғри бўларди,"- деди қирғизистонлик божгир.

***
XS
SM
MD
LG