Линклар

logo-print

Собиқ “мурда” 18 йилга кесилди

  • Садриддин Ашур

Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди собиқ СССР Қуролли Кучлари сафида Афғонистондаги жангларда иштирок этиб, асирга тушган ва ўша мамлакатда қолиб кетган Қосим Эрматовни 18 йилга озодликдан маҳрум этди.

Хабарларга кўра, Қ.Эрматов Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича, жумладан, конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва терроризмда айбланган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хоним Қ.Эрматов устидан ўтказилган суд жараёнини кузатиб борди. А.Гиллнинг сўзларига қараганда, суд жараёнида Қ.Эрматов фаолияти билан боғлиқ жуда кўп жиҳатлар қоронғулигича қолиб кетган. Жумладан, судланувчининг судга Афғонистон элчихонаси вакилларини таклиф этиш талаби қондирилмаган. Ҳолбуки, у айни пайтда Афғонистон фуқароси ҳисобланади. Бундан ташқари, Покистонда қўлга олингани айтилаётган Қ.Эрматовнинг Ўзбекистонга қандай келиб қолганига ҳам жавоб йўқ.

А.Гиллнинг таъкидлашича, Қ.Эрматов жорий йилнинг апрель ойидан буён Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари терговида бўлганини айтган. Лекин унга адвокат бириктилган-бириктирилмагани масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Зеро, судланувчи суднинг биринчи куниёқ ўзига хусусий адвокат бириктирилишини сўраган. Суд унинг талабини қондирган.

Маълум бўлишича, Қ.Эрматов 1982 йилда Совет Армиясига чақирилган ва хизматни Афғонистонда ўтаган. 1984 йилда унинг жангда ўлгани ҳақида хабар келган. Шундан сўнг эса гўёки уники бўлган жасад темир тобутда олиб келиниб, ўз юртида кўмилган. Яқинларининг тобутни очишига рухсат берилмаган. Қаҳрамон жангчи сифатида Қ.Эрматов номи мактаб ва кўчага қўйилган. 1991 йилда эса чех журналисти Қ.Эрматов хонадонига келиб, унинг тириклиги, Афғонистонда яшаётганини билдирган. Шундан сўнг собиқ жангчининг номи мактаб ва кўчадан олиб ташланган. 1991 йилда Қ.Эрматовнинг отаси Мавжудали бобо Қизил ярим ой жамияти кўмагида Покистонга бориб, ўғли билан бор-йўғи ярим соат суҳбатлашган. Ота ўғлининг у ерда асирда бўлганми-йўқми, ҳеч нарса билмайди. Учрашув вақтида ўғил отасига бу ердан рухсатсиз кета олмаслигини айтган, холос.
XS
SM
MD
LG