Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:34

“Оқ оғу” кулга айланди


28 сентябрь куни Тошкентда жиноятчилардан мусодара қилинган 566 килограммга яқин наркотик модда ёқиб юборилди. Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, хорижий ва маҳаллий журналистлар ҳам қатнашди.

МХХ матбуот хизмати раҳбари Олим Тўрақуловнинг сўзларига қараганда, ёқиб юборилган наркотик моддаларнинг 381 килограмми героиндир. Умуман, мамлакатда наркотик моддаларни йўқ қилиш тадбири ўн саккизинчи марта ўтказилган. Жиноятчилардан тортиб олинган гиёҳванд моддаларни ёқиб юбориш тадбири илк марта 1994 йил 21 майда ўтказилган.

О.Тўрақуловнинг таъкидлашича, бугунги кунгача Ўзбекистонда 36,5 тоннадан ортиқ наркотик модда ёқиб юборилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 4534 ҳолат қайд этилган. Бу ҳолатларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида аниқланган.

МХХ матбуот хизмати вакили Шуҳрат Азимовнинг айтишича, 2003 йилда Афғонистонда кўкноридан мўл ҳосил олинган. Жиноий гуруҳлар Россия ва Европага наркотик моддалар олиб ўтиш учун Ўзбекистон ва Тожикистондан транзит давлат сифатида фойдаланишга уринмоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида қўшни давлатдан 79 килограмм героин олиб ўтган 4 маҳаллий фуқаро қўлга олинган. 19 июль куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бекободлик икки шахс 25 килограмм героинни сотмоқчи бўлганида МХХ ходимлари томонидан ушланган. Душанбе-Астрахан поезди йўловчиси Д.Ашурмамадов аҳволи оғирлашгани сабабли шифохонага келтирилганида ошқозонида 460 грамм героин борлиги маълум бўлган. Бемор ҳушига келмасдан вафот этган.

Ш.Азимовнинг маълум қилишича, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланаётганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам учраб туради. Айни пайтда улардан бир нечаси устидан суд жараёнлари бўлиб ўтяпти.

МХХнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан олинган хабарларга қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатнинг наркология диспансерларида рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони бирмунча ошган. 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистонда рўйхатга олинган гиёҳвандлар сони 19 минг 940 тани ташкил этган.
XS
SM
MD
LG