Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:09

Цивилизациядан йироқ маҳалла


Хоразм вилояти Хива туманидаги Ирдимзон қишлоғининг “Ҳорвуз” маҳалласи аҳли ўтмишдаги каби ўчоқда егулик тайёрлаб, кечқурун керосин чироқ ёруғида овқатланади.

Маълум бўлишича, Ирдимзонга газ қувурлари тортилган. Аммо, қишлоқ аҳлининг айтишича, анча йиллардан буён қишлоққа газ келмайди. Электр энергиясида эса деярли ҳар икки куннинг бирида узилиш бор. Бир пайтлар ўтказилган сув қувурларидан ҳам сув келмай қўйганига кўп йиллар бўлган. Аҳоли усти очиқ қудуқлардан сув ичади. Бу сув ҳам шўрланган бўлиб, аҳоли ноиложликдан истеъмол қилади.

“Ҳорвуз” Ирдимзон қишлоғининг энг чекка маҳаллаларидан. Маҳалладан Урганч-Хива магистрал йўлигача 7 километрга яқин масофа бор. Қишлоқда автобус қатнови йўлга қўйилмагани сабабли аҳоли шунча масофани пиёда босиб ўтишга мажбур.

“Ҳорвуз” маҳалласидаги 300 га яқин хонадонда 2 минг фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида “Дилором” болалар боғчаси бор.

“Озодлик” мухбири боғчага борганида болалар тушликдан кейинги овқатга ўтирган эди. Дастурхон атрофида 12 нафар болакай бор эди, холос. Боғча тарбиячилари бошқа болалар эртароқ уйларига кетганини билдирди. Боғчадаги шароитга умуман ҳавас қилиб бўлмайди. Хоналарга гилам тўшалмаган. Шундай бўлса-да, кичкинтойлар бу ерда оёқяланг юради. Болаларнинг овқатланиш шароити санитария-гигиена талабларига зид эканини кўриш мумкин. Тарбиячиларнинг айтишича, табиий газ йўқлиги сабабли қишда боғча ишламайди.

Боғча ёнида мактаб ҳам жойлашган. Мактабнинг бир қаватли биноси қачонлардир пахса лойдан қурилган.

Ирдимзонликларнинг таъкидлашича, улар қишлоқдаги муаммолар ҳақида кўп марта юқори ташкилотларга мурожаат қилган. Қишлоққа кўп марта текширувлар ҳам келган. Бироқ вазият ҳар сафар ўзгармай қолаверган.

“Озодлик” мухбири суҳбат ўтказаётган жойга етиб келган “Ҳорвуз” маҳалла йиғини раиси Вафо Бобожонов журналистга интервью берган фуқароларга тазйиқ ўтказишга уринди.

“Бу ўзи журналист бўлса. Сизларга янги мактаб ҳам қуриб бермайди, газ билан таъминлаш ҳам қўлидан келмайди”, дея жаҳл қилди раис.
XS
SM
MD
LG