Линклар

Ўзбекистонлик 200 фуқаро Россиядан депортация қилинди

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, 23 сентябрь куни ўзбекистонлик 200 фуқаро Москва шаҳридан ўз юртига депортация қилинган. Уларнинг паспортига беш йилгача Россия ҳудудига кириш маън қилинганини билдирувчи муҳр босилган.

Маълум бўлишича, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари мамлакатда ноқонуний яшаётган, миграция ҳужжатлари бўлмаган фуқароларни оммавий тарзда қўлга олиш ва депортация қилиш тадбирини бир қанча вақтдан буён ўтказиб келяпти. Бундай шахслар суд қилиниб, бир неча йил давомида Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда. Ўзбекистонга депортация қилинган 200 киши ҳам айнан шу тадбир давомида қўлга тушган.

Ўз юртига депортация қилинганлардан бири Жавлон Бойматовнинг сўзларига кўра, у бундан бир ярим йил муқаддам 14 та шериги билан биргаликда Тошкентдан Россияга ишлагани кетган. Шу пайтгача Иваново шаҳридан қўлидан келадиган ҳар қандай ишни бажариб юрган. Қурувчилик қилган, гўшт комбинатида, турли хусусий корхоналарда ишлаган. 5 август куни эса милиция ходимларни уни ва шерикларини ушлаб, ички ишлар бўлимида 1,5 кун ҳибсда сақлаган. Сўнг эса суд бўлиб ўтиб, уларни 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

“Суд қарори билан белгиланган муддат тугагандан сўнг ҳам бизни қўйиб юборишмади. Улар таниш-билишларимиз бизга билет олиб берса, шундан кейин юртимизга кетишга рухсат берилишини айтди. Биз 50 кун ўтирдик. Бу вақт давомида бизга телефон қилишга, кўргани келганлар билан учрашишга йўл берилмади. Адвокат ёллашга ҳам рухсат этилмади”, деди Ж.Бойматов.

Ж.Бойматовнинг таъкидлашича, айни пайтда мигрантларни Россиядан оммавий депортация қилиш жараёни кетмоқда. Депортация қилинганларнинг паспортига беш йил давомида Россия ҳудудига киришни чекловчи муҳр босиляпти.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Фуқаролик кўмаги қўмитаси раҳбари Светлана Ганушкинанинг билдиришича, депортация қилинган ўзбекистонликларга беш йил давомида Россия ҳудудига кириш маън этилгани ҳуқуқбузарликдан бошқа нарса эмас. Зеро, икки мамлакат ўртасида виза тартиби йўқ. Бундан ташқари, оддий маъмурий ҳуқуқбузарлик, яъни вақтинчалик яшаш учун рўйхатдан ўтмаганлик ёки қайд муддати тугагани учун ҳам фуқаролар депортация қилинмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида бир-бирининг фуқаролари вақтинчалик қайддан ўтиб, иккинчиси ҳудудида беш йилгача яшайвериши мумкинлиги ҳақида шартнома бор.
XS
SM
MD
LG