Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:08

Мудофаа вазирларининг учрашувидан умиди катта


28 сентябрь куни Туркманистоннинг Туркманобод (собиқ Чоржўй) шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон мудофаа вазирлари музокара ўтказди. Бу икки давлат мудофаа маҳкамалари раҳбарларининг сўнгги бир неча йил давомидаги илк учрашувидир.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов ва унинг туркманистонлик ҳамкасби Оғагелди Мамадгелдиев ўзаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва икки томонни қизиқтирган бошқа бир қанча масалаларни муҳокама қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати вакиласи Наргиза Бердиеванинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, мудофаа вазирлари, шунингдек, ҳарбий юкларни ташиш, икки мамлакат чегара ҳудудларида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашган.

“Туркманистон давлат хабарлари” ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, томонлар ҳарбий соҳада узоқ муддатли ҳамкорликка эришиш учун ҳаракат қилаётганини изҳор этиб, тезкор ахборот алмашувини йўлга қўйиш ва зарурат туғилганда ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатлашиб олишга келишган. Вазирлар учрашув натижасидан қониқиш ҳосил қилган ва бундай учрашувлар мунтазам ўтказиб турилишидан манфаатдорлигини билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров айни пайтда икки давлат ўртасидаги энг асосий муаммолардан бири чегараларни аниқлаш масаласи эканини маълум қилди. Унинг айтишича, бугунги кунга келиб икки давлат ўртасидаги чегаранинг 90 фоизи делимитация қилинган. Лекин демаркация масаласида оқсаш бор.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида яшовчи журналистлардан бирининг сўзларига қараганда, Туркманистон билан чегараларни белгилаш жараёнида оддий фуқаролар жуда катта муаммоларга дуч келяпти. Масалан, ўзбек фуқароларининг уйлари, ерлари Туркманистон ҳудудида қолиб кетиши ёки аксинча бўлиши кўп кузатилади. Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудудларида жуда чигал ва мураккаб вазият мавжуд. Бу вазият бир неча фуқаронинг ўлимига ҳам сабаб бўлган.

Кузатувчилар икки давлат мудофаа вазирларининг учрашуви чегарада мавжуд муаммоларнинг ечилишига ёрдам беришига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG