Линклар

logo-print

Ўзбекистон ўқитувчилари байрам қилади…ми?


Феруза 1 октябрь Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида нишонланади. Бу сана мамлакатда дам олиш куни ҳисобланади. Байрам муносабати билан мамлакат Президенти ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади.

Байрам табригида Президент соҳа ходимларини табриклар экан, жумладан, бундай дейди: “Табиийки, устоз деганда ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади…”.

Шунингдек, Президентнинг байрам муносабати билан Ўзбекистон таълим-тарбия тизимининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармони ҳам матбуотда эълон қилинди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ўқитувчилар байрам куни кайфиятлари кўтаринки эканини таъкидлади. Улардан бирининг айтишича, ўқитувчиларнинг ҳар бирига ўртача 25 минг сўмдан мукофот пули берилиши айтилган. Бундай мукофот шу вақтгача бирор марта берилмаган эди. Гарчи улар ҳали пулни қўлига олмаган бўлса-да, шу гап чиққанидан хурсанд.

Ўқитувчи Саида Жамолованинг сўзларига қараганда, ҳукумат халқ таълими тизимида ўтказаётган ўзгаришлар қисман бўлсада, ўқитувчилар фаолиятига таъсир ўтказади. Улардан ўз соҳасини янада пухта билиши талаб этилади. Шу билан бирга, ойлик маошлари ҳам бирмунча оширилади.

Яна бир муаллимнинг фикрича, бу соҳада ишлаш учун фақат фидоий бўлиш керак. Кўп ўқитувчилар маош камлиги учун ишдан бўшаб кетган. Аммо соҳада ишлаш учун гап фақат пулда эмас, таълим тизими касбни қадрловчилар ишлайдиган жойдир.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган муаллимлар Президентнинг яқинда ўқитувчиларга устама ҳақ тўлаш тўғрисида қабул қилган фармонлари ва ундан келиб чиқаётган муаммолар ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Бизга жуда катта талаблар қўйилди. Лекин маош барибир бу талабларга мос эмас. Қолаверса, ўқитувчиларнинг аксарияти аёллар. Уларнинг бу талабларни бажаришдан ташқари уйда қилаётган ишлари ҳам кўп. Агар болаларга билим бериш жиҳатдан катта талаблар қўйилса майли эди. Қоғозбозлик, ёзув-чизув кўпайди”, деди улар.

Мустақил кузатувчи Холиқназар Ғаниевнинг таъкидлашича, ҳозир жамиятда билимли кишилар кўпайди. Энди ўзининг илгариги мавқеини, обрўсини кўтариш учун ўқитувчининг савияси жамиятнинг умумий савиясидан бир қадар юқори бўлиши лозим. Бироқ бунга имкон бўлмаётир. Чунки мамлакатда таълимга эътибор сусайган. Уларнинг маоши жуда кам.

Х.Ғаниевнинг билдиришича, ҳозир таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти таълим сифатини кўтаришга қаратилмаган. Зеро, янги мактаб қурган билан бу ерда таълим берадиган ўқитувчиларнинг савияси паст бўлса, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG