Линклар

Насос станциялари ишдан чиқса…


Фирдавс Ўзбекистон-Туркманистон муносабатидаги чигалликлар Қашқадарё вилояти иқтисодиётига бевосита салбий таъсир ўтказади. Зеро, вилоятнинг катта қисми Туркманистон ҳудудидан оқиб келадиган Қарши магистрал канали сувига қараб қолган.

“Аму-Қашқадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси вакили Рашид Тошевнинг сўзларига қараганда, Қарши магистрал каналидан сув оладиган экин майдонлари 329 минг гектарни, яъни вилоятдаги суғориладиган ерларнинг 60-70 фоизини ташкил этади. Шундан 119 минг гектарига пахта, 97 минг гектарига ғалла етиштирилади. Бу ерларда ўртача 280-290 минг тоннагача пахта, 400 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирилади. Шунингдек, вилоятнинг еттита тумани аҳолиси канал сувидан истеъмолда фойдаланди.

Маълумотларга кўра, Қашқадарёдаги асосий саноат корхоналари, Шўртан ва Муборакдаги газ ва нефтни қайта ишлаш заводлари эҳтиёжи учун зарур сув Қарши каналидан олинади. Жорий йил охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Таллимаржон ГРЭСи ҳам шу сув ҳисобига ҳаракатга келади.

Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Рустам Очиловнинг таъкидлашича, бу сув иншооти Қашқадарёнинг етти туманидан ташқари Туркманистоннинг бешта туманини ҳам сув билан таъминлайди. Ундан фойдаланила бошлаганига 30 йилдан ошган. Канал иншоотларини капитал таъмирлаш муддати эса аллақачон ўтиб кетган. Агар Қашқадарёниннг истиболи ўйланса, каналга Амударёдан сув олиб берадиган насос станцияларини ҳозирданоқ режали равишда янгилашга киришилиши керак. Бу иш амалга оширилмаса, вилоятни сув билан таъминлаш йилдан-йилга қийинлашиб бораверади.

Ҳисоб-китобларга кўра, насос станцияларини мукаммал таъмирлаш учун бир неча юз миллиард сўм миқдорида маблағ зарур бўлади. Аммо ҳукумат бу мақсадларга ҳозиргача бир сўм ҳам ажратмаган.
XS
SM
MD
LG