Линклар

Деҳқонга камзул 32 минг сўмга тушди


Турғунбек Андижонда пахтани контрабанда йўли билан қўшни давлатга олиб ўтишга қарши қаттиқ назорат ўрнатилган. Пахта ўғирлашда гумон қилинган деҳқонларга катта миқдорда жарималар солиняпти.

Вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси нашри ҳисобланган “Қонун йўлида” газетасининг сентябрь ойидаги 18-сонида “Назорат кучайтириляпти” ва “Халқ бойлиги муқаддас” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари пахта контрабандасига қарши курашни кучайтиргани таъкидланган ушбу мақолаларга ёзилишича, Исбоскан туманида 13 та милиция назорат-кузатув пости ва икки сайёр гуруҳ, Хўжаободда эса 10 та пост ташкил этилган.

Шунга қарамай, вилоятда Қириғизистонга пахта ўтказиб сотиш ҳолатлари камаяётгани йўқ.

Деҳқонлардан бирининг айтишича, эрта баҳордан кеч кузгача далада меҳнат қилган кишиларга маош тўланмайди. Фақат терим бошлагандан сўнг уларга терган пахтаси учун бир-икки марта пул берилади, холос. Шунинг учун деҳқонлар пахтани Қирғизистонга нисбатан қимматроқ нархларга сотишга ҳаракат қилмоқда.

“Радио-телевидениеда “Ватан пахтасини асранг” деган билан одамларга тирикчилик керак, нон керак. Улар сотмай нима қилсин? Қирғизистондан келиб пахтанинг килограммини 300 сўмдан сотиб олишяпти”, дейди деҳқон.

Маълум бўлишича, Марҳамат туманидаги “Машъал” жамоа хўжалигининг 16-бригадаси аъзоси Ҳиноятхон Иномова кўрпа-тўшак сотиб олишга ҳам пули йўқлигидан 3 килограмм пахтанинг чигитини ажратиб, толасини ишлатмоқчи бўлган. Аммо хўжалик раиси Мўминжон Каримов Ҳ.Иномовани пахтани Қирғизистонга олиб ўтиб сотмоқчи бўлганликда айблаган ва пахта даласига яқинлаштирмай қўйган. Ишлаган ҳақини ҳам бермасликни буюрган.

“Машъал” хўжалигининг 11-бригадаси аъзоси Ҳайитмуҳаммад Норбоев ҳам даладан беш килограмм пахта ўғирлаб, уйига олиб кетишда айбланган. Марҳамат тумани жиноят ишлари суди қарори билан унга 32 минг 600 сўм жарима солинган. Ҳ.Норбоевнинг таъкидлашича, совуқ тушаётгани сабабли у пахтанинг чигитини ажратиб, ўзига камзул тиктирмоқчи бўлган.

“Машъал” хўжалиги раиси ўринбосари Ҳасанбой Мустафоевнинг сўзларига қараганда, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда туман ҳокимининг қарорларига асосан ҳудудларда постлар ташкил этилиб, туман ҳокими вакили, бош пудратчи ва пудратчилардан иборат дала қоровуллари тайинланган. Улар пахта талон-тарож қилинишининг олдини олиш учун туну кун назорат ўрнатган.
XS
SM
MD
LG