Линклар

АҚШ президентлигига номзодлар ўртасидаги биринчи телемунозара

  • Ҳасанжон

2 ноябрда АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан АҚШ Президенти Жорж Буш ва унинг сайловлардаги рақиби Жон Керри ўртасида учта телемунозара ўтказилади. Уларнинг биринчиси жума куни эрталаб Тошкент вақти билан соат олтида бошланади. Маями университетида бўлиб ўтадиган ушбу мунозара бир ярим соат давом этади. Унинг бош мавзуи АҚШ ташқи сиёсати бўлади. Америкадаги барча оммавий ахборот воситалари бу учрашувни ёритади. Ҳамкасбим Ҳасанжон билан бугунги суҳбат шу хусусда.

К.В.: Ҳасанжон, дунёнинг кўпгина давлатларида президентлик сайлов олди тадбири даъвогарлар ўртасидаги мунозарани тақозо этмайди. Америкада эса бу, кўп йиллик анъана. Мана шу анъана қачон бошланган? Шу ҳақда гапириб берсангиз.

Ҳ.: Ҳурмат, тўғри айтасиз. Америкада энг биринчи телемунозара 1960 йил 26 сентябрда президентликка даъвогар Сенатор Жон Кеннеди ва ўша пайтдаги Вице-президент Ричард Никсон ўртасида бўлиб ўтган. Ўшанда америкаликлар икки партиянинг Президентликка номзодлари ўртасидаги юзма-юз мунозараларни илк бор телевидение орқали кузатган.

К.В.: Ҳасанжон, мунозарани ўтказишдан қандай мақсад кўзланган?

Ҳ.: Ҳурмат, баъзи сайловчилар 2 ноябрда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловларида қайси номзод учун овоз бериш масаласида қатъий қарорга келмаган. Кузатувчиларга кўра, айнан шу тоифадаги сайловчилар овози сайлов тақдирини хал этиши мумкин. Телемунозарадан кўзланган мақсад ҳам аниқ қарорга келмаган америкаликларга ёрдам беришдан иборат.

К.В.: Ҳасанжон, АҚШ тарихида айнан теледебат Президентлик сайловлари тақдирини хал қилган пайт бўлганми?

Ҳ.: Ҳа, бундай ҳолатлар кузатилган. Масалан, кўпчилик кузатувчилар фикрича, Кеннедининг Никсон устидан ғалаба қозонишида мунозара асосий рол ўйнаган. Бундан ташқари, 1976 йилда Жимми Картер телемунозарани муваффақиятли ўтказган. Бу эса сайловлардаги рақиби, ўша пайтдаги Президент Хералд Форд устидан ғалаба қозонишига катта хисса қўшган. 1980 йилги сайловда эса Республикачилар партияси номзоди Роналд Рейган мунозарадан кейин рақиби Картерни мағлубиятга учратиб, навбатдаги АҚШ президенти бўлган.

К.В.: Энди телемунозара моҳиятидан бевосита Буш ва Керри ўртасидаги телебатга тўхталсак. Икки партия номзоди ўртасидаги бахс қай тартибда ўтказилади?

Ҳ.: Ҳурмат бу жуда қизиқ жараён. Айтиш мумкинки, олдиндан ҳар томонлама ишлаб чиқилган учрашув. Қатнашчилар маълум қоидаларга риоя қилишлари керак.

Дебатнинг очилишида чиқишлар қилинмайди. Президентликка номзодлар саҳнага ўрнатилган икки минбар олдида турадилар. Номзод ўзининг бўйини баланд қилиб кўрсатиш учун оёғи остига бирон нарса қўйиши мумкин эмас.

Мунозара қатнашчиларига саволларни бошловчи беради. Буш ва Керрининг ҳар бир саволга жавоби икки дақиқадан ошмаслиги керак. Бахслашувчи номзодларга қўшимча саволлар бериши мумкин. Жавоб учун эса атиги 30 сониядан вақт ажратилади.

Бахс давомида залдаги одамлар жим ўтириши керак. Томошабинлар ўтирадиган жойнинг учдан бир қисми Буш тарафдорларига, шунча қисми Керри тарафдорларига берилади. АҚШ президентлигига номзодлар мунозара чоғида бир-бирига тўғридан-тўғри савол бера олмайди ёки бахсга чорлай олмайди.

К.В.: Ҳасанжон, суҳбатимиз бошида айтиб ўтдикки, мунозара марказида АҚШ ташқи сиёсати бўлади. Мана шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.

Ҳ.: Ҳурмат, маълумотларга кўра, асосан Американинг ташқи сиёсати, хусусан Ироқ, АҚШ қўшинларининг ватанга қайтиши, терроризмга қарши кураш, Шимолий Кореянинг ядровий қуролни қўлга киритиш уринишлари, Эроннинг ядровий дастури, собиқ совет республикаларидаги ядровий моддалар хавфсизлиги каби масалалар юзасидан мунозара ўтади. Бундан ташқари Жорж Буш ва Жон Керри АҚШнинг ички хавфсизлиги масаласида хам бахс юритади.

К.В.: Буш ва Керри ўртасидаги иккинчи ва учинчи мунозара қачон бўлиб ўтади?

Ҳ.: Иккинчи бахс 8 октябр куни Сент Луис шаҳрида бўлиб ўтади. Охирги ва энг муҳим ҳисобланган учинчи мунозара 13 октябр куни Луизиана штатида бўлади.
Бундан ташқари Вице-Президентликка даъвогарлик қилаётган демократ Жон Эдвардс ва республикачи, ҳозирги Вице-президент Дик Чейни ўртасида ҳам 5 октябр куни Огайо штатининг Кливленд шаҳрида мунозара бўлиб ўтади.

Ҳ.: Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG