Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:37

"100 арбоб мактуби"


"Европа Иттифоқи ва NATOга аъзо давлатлар ҳамда ҳукуматлар раҳбарларига очиқ хат". Шундай номланган ҳужжатни дунёдаги юздан ортиқ таниқли давлат ва жамоат арбоблари имзолади. Хат эълон қилиниши биланоқ, у матбуотда "100 арбоб мактуби" деб атала бошлади.

Мактубни имзолаганлар Россия раҳбарияти, хусусан Президент Путин олиб бораётган сиёсатдан чуқур ташвиш билдирган.
Улар Беслан фожиаси баҳона Президент Путин томонидан пайи қирқила бошлаган демократик институтларга хайрихоҳлик кўрсатишга Ғарб лидерларини даъват қилганлар.

Очиқ хат муаллифлари Путин олиб бораётган ташқи сиёсатни ҳам "тобора таҳлика уйғотаётган" сиёсат, деб баҳолаганлар.
"Европа Иттифоқи ва NATOга аъзо давлатлар ҳамда ҳукуматлар раҳбарларига очиқ хат"ни Атлантика океанининг иккала соҳилидаги давлатларнинг собиқ президентлари, парламентлари аъзолари, олимлар ва адиблар имзолаган.

Номани битиш ташаббуси билан чиққанлар орасида АҚШнинг республикачи сенатори Жон МакКейн, демократ сенатор Жозеф Байдин, Чехия Республикаси собиқ Президенти Вацлав Хавел ҳамда Швеция собиқ Бош вазири Карл Билдтлар бор.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбат чоғида Литванинг собиқ Президенти Витаутас Ландсбергис очиқ хат Россия демократик давлат сифатида ривожланаяпти, деб ўйлаётган Ғарб лидерларини уйқудан уйғотувчи қўнғироқ бўлиши керак, деган фикрни билдирди.

"Бу хат Ғарбдаги демократик давлатлар ва жамоат ташкилотлари учун ҳамда Россия демократик йўлдан бориб, бу йўлда муваффақиятларга эришаяпти, ислоҳотларни амалга ошираяпти, деб ишониб юрган Ғарбдаги баъзи соддадил лидерлар учун огоҳлантиришдир," - деди Витаутас Ландсбергис. Унинг фикрича, "100 арбоб мактуби"
шунингдек, озчилик бўлсада, Россияда демократия қарор топишига ишонаётган ва демократия учун курашаётганларга мадад белгисидир. Бу белги "Сиз ёлғиз эмассиз", "Сизни ҳеч ким унутгани йўқ", деган бир муждадир
".

АҚШ Конгрессининг исмини айтмасликни илтимос қилган бир ходими таъкидлашича, очиқ хат ғояси Демократик партияга хайрихоҳ бўлган АҚШдаги муайян доиралардан чиққан.

Ландсбергис эса, хатни ёзиш ғояси кимдан чиққанлиги, унинг матнини ким ёзганлиги муҳим эмас, деган фикрни билдирди.

"Бу мактубнинг қандай натижа бериши муҳимроқдир. Мактуб реал ва фаол демократларнинг, тўй-ҳашамларда учрашиб, лақиллаб кетаверадиган кишилар эмас, демократияга эътиқод қўйган кишиларнинг ташаббусидир," - дейди Ландсбергис.

Москвадаги Сиёсий тадқиқотлар маркази директори Сергей Марков, "100 арбоб мактуби"ни имзолаганлар Путиннинг бошқарув усулини нотўғри тушунаяптилар, Россия Президенти назариядан кўра кўпроқ амалий натижаларни ўйлайди, деган фикрни билдирди. Унинг фикрича, Россияни эндигина коммунизмдан қутулган давлат сифатида кўриш хатодир. Бундай қараш 1991 йили Совет Иттифоқи тарқаб кетиши биланоқ эскиришга улгурган.

"Россияда "бошқариладиган демократия", дейилар экан, бу -мамлакатда тоталитар тузум ҳукмрон дегани ҳам, уни демократик давлат дегани ҳам эмас. Бироқ Россия демократия йўлидан кеитаяпти, деганидир. Хўш, бу йўл қаердан бошланди? Коммунистча мустабидликдан бошландими? Йўқ! Россиянинг бугунги йўли коммунистча мустабидлик давридан бошланган эмас. Чунки коммунистларнинг диктаторлик тузуми хаос ва анархияга қулади. Бугунга келиб эса, Путин Россияни ана ўша хаос ва анархиядан олиб чиқиб, ўтиш давридан ўтказиб, барқарор демократия сари олиб боришга ҳаракат қилмоқда," - дейди Москвадаги Сиёсий тадқиқотлар маркази директори Сергей Марков.

"100 арбоб мактуби" Беслан фожиасини эслаш билан, ундан жабр кўрганларга ҳамдардлик ҳамда терроризмга қарши курашаётган россияликларга ҳамжиҳатлик билдириш билан бошланади. Бироқ, мактубни имзолаганлар Президент Путин Беслан фожиасидан мамлакатдаги демократик институтларни бўғишга бир баҳона сифатида фойдалана бошлаганидан ташвишланадилар.

Чехия Республикасининг собиқ Президенти Вацлав Хавел
Европа Иттифоқи ва NATOга аъзо давлатлар ҳамда ҳукуматлар раҳбарларига йўлланган очиқ хатни Россияга нисбатан ғайирлик ифодаси эмас, дейди: "Мен ҳар доим дўстлар бир-бири билан очиқ гаплашишлари, нимани ўйлаётган бўлсалар ўшани бир-бирларига очиқ айтишлари керак, деган фикр тарафдори бўлиб келганман".
XS
SM
MD
LG