Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:43

Россияда бедарак йўқолаётган ўзбеклар сони ортмоқда


Шайбон МДҲ мамлакатлари ички ишлар вазирларининг Киевда бўлиб ўтган учрашувида Россия ички ишлар вазири Рашид Нургалиев Россияда қўшни давлатлардан келган фуқароларнинг бедарак йўқолиши ҳолатлари кўпаяётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, биргина 2003 йилда МДҲ мамлакатларидан Россияга келган 846 фуқаро бедарак кетган. Уларнинг 30 фоизи Украина, 13 фоизи Озарбойжон, 10 фоизи эса Ўзбекистон фуқароларидир.

Р.Нургалиев тилга олган ҳолатларни Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам тасдиқлади.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Гендернинг таъкидлашича, йўқолаётганлар орасида кейинчалик топилганлари ҳам бор. Бу шахслар баъзан ҳибсга олиниб, депортация қилиш мақсадида ушлаб турилган бўлади.

“Мемориал” ташкилоти вакили Виталий Пономарёвнинг сўзларига қараганда, ўзбекларнинг бедарак йўқолиши ҳолатлари тез-тез учраб туради. Бу ҳолат, айниқса, Волгабўйи вилоятларида кўп кузатилади. Аксар йўқолганларнинг шериклари ёки яқинлари милицияга хабар бермайди. Зеро, уларнинг ўзлари Россия ҳудудида ноқонуний яшаётган шахслардир.

“Йўқолганлик тўғрисида милицияга хабар бериш ҳолатлари ҳам бор. Мен икки шундай ҳолатни биламан. Бу шахсларни қидириш бошлангандан сўнг маълум бўлишича, улар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб кетилган экан. Албатта, шундан сўнг қидирув тўхтатилган. Биз бу шахсларнинг тақдири билан қизиққанимизда улар ҳозир қамоқда жазо муддатини ўтаётганини аниқладик”, деди В.Пономарёв.

Кузатувчиларнинг эътирофича, Россияда бедарак йўқолаётган ўзбеклар сони кундан-кун ортиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг таъкидлашича, Россиядаги ўзбеклар диапораси бу муаммога бефарқ қарамоқда. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам улардан қолишаётгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизмати вакили Музаффар Зоҳидов Р.Нургалиев келтирган рақамлар хусусида муносабат билдира олмаслиги айтди. Унинг фикрича, бу ерда гап Россияда қолиб кетаётган ўзбеклар ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Элчихонада эса йўқолиб қолаётган фуқаролар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
XS
SM
MD
LG