Линклар

logo-print

Қамоқхонадан маҳбуснинг ўлиги келди


Жорий йилнинг август ойида Наманган вилояти жиноят ишлари суди ҳукми билан 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Тоҳиржон Жабборовнинг жасади сентябрь ойида хонадонига олиб келинди.

Маълум бўлишича, 1975 йилда туғилган Т.Жабборов вилоятнинг Косонсой туманидаги Тергачи қишлоғида яшаган. У жорий йилнинг 5 апрель куни Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган. 9 август куни Наманган вилояти жиноят ишлари суди Т.Жабборовни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамият хавфсизлигига хавф соладиган материаллар тайёрлаш ва тарқатиш, ноқонуний диний оқимларга аъзолик каби жиноятларни содир этишда айблаб, 16 йилга озодликдан маҳрум этган.

Хабарларга кўра, 7 сентябрь куни Т.Жабборовнинг ота-онасига аввал фарзандининг қаттиқ бетоблиги, сўнг эса вафот этгани тўғрисида хабарлар келган.

Марҳумнинг онаси сўзларига қараганда, Тоҳиржон қамалгунга қадар жигари оғриб, шифохонада даволаниб чиққан. Бошқа касалликлар билан оғримаган. Унинг ўлими ҳақидаги тиббий хулосада эса икки томонлама ўпка пневманияси ва бошқа бир қанча касалликлар келтириб ўтилган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Наманган вилояти бўлими раиси Равшан Холматовнинг билдиришича, Т.Жабборов ҳибсга олингач, деярли икки ой давомида ҳуқуқ-тартибот ходимлари назорати остида даволаган. Бу унинг ҳибсхонада қийноққа солингани оқибати бўлиши мумкин.

“Дадаси Тоҳиржон ҳибсга олингандан сўнг бир ой ўтгач уни кўргани борганида шифохонадан топган. Ўғлининг қўллари тирсагигача кўкариб, шишиб кетганини кўрган. Ҳибсга олинмасдан аввал унинг ҳеч қаерида жароҳати бўлмаган. Қийноқдан қолган жароҳат излари судда ҳам кўрсатилган. Бироқ на суд, на прокурор буни инобатга олмаган”, деди Р.Холматов.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг ўз номини ошкор этишни истамаган ходими таъкидларига кўра, Т.Жабборов қамалгунга қадар мавжуд бўлган касаллиги туфайли қарийб икки ой давомида шифохонада даволанган. Давлат томонидан дори-дармон билан таъминланган. Т.Жабборов жазони ўташ муассасасига жўнатилаётганда қаттиқ касал бўлмаган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг айтишича, чиндан ҳам ҳибсга олингандан сўнг Т.Жабборовнинг соғлиғи ёмонлашиб борган. Судья ҳам, прокурор ва жазони ўташ муассасаси вакиллари ҳам унинг аҳволидан хабардор бўлган. Шундай экан, аввало, унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган-кўрсатилмаганини ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакиллари мазкур мавзу юзасидан муносабат билдиришни истамади.
XS
SM
MD
LG