Линклар

Халқ кимни сайлашни яхши билади

  • Садриддин Ашур

30 сентябрь куни Тошкентда “Парламентаризм—хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида икки кунлик халқаро анжуман иш бошлади. Унда ўндан ортиқ мамлакатдан келган сиёсатшунослар, парламент аъзолари иштирок этмоқда.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий сайлов комиссиси, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Уни ўтказишдан мақсад парламентаризм соҳасидаги хорижий давлатлар тажрибаларини, парламентда жамоатчилик манфаатлари ҳимоясини таъминлашга ёрдам берувчи меъёрлар ва жараёнларни ўрганишдир. Шунингдек, Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимига ўтилиши муносабати билан парламент фаолиятини ислоҳ қилиш ва ташкил этиш борасидаги тарғибот ишларини янада мукаммаллаштириш масаласи ҳам анжуман кун тартибидан ўрин олган.

Икки палатали парламентнинг афзалликлари бир қанча хорижий давлатлар тажрибасида ўз исботини топган. Лекин Ўзбекистонда бундай тизимга эҳтиёж бормиди, деган масала атрофида турли фикрлар билдирилмоқда.

Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, ҳозирги ўзбек парламенти ва унинг депутатлари шўролар давридагидан фарқ қилмайди. Шундай экан, мамлакатда парламент қандай бўлишидан қатъий назар, бир палатали бўладими ёки икки палатали, эркин ишламаса, ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Депутатларда ижтимоий ва сиёсий фаоллик йўқ. Қонунлар юқорининг кўрсатмаси асосида қабул қилинади.

Анжуман иштирокчиси, АҚШдаги Миллий демократик институтнинг Ўзбекистондаги дастурлари директори Ричард Глоубнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда парламент ислоҳоти бўйича қилинаётган ишлардан кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, икки палатали парламент тизимига ўтилаётгани ижобий ҳол. Бу яхши натижалар беради. Бироқ мамлакатда демократик жамиятнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш каби тамойилларини яратиш керак.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нормарк мамлакатда парламент сайловига пухта тайёргарлик кўрилаётганини олқишлади.

Шунга қарамай, унинг эътирофича, сайлов қонунчилигида бир қанча камчиликлар бор. Масалан, янги партия ва номзодларнинг рўйхатга олиниши жуда мураккаб жараён. Арзимаган кичик хатога йўл қўйса ҳам номзод парламент депутатлигига даъвогарлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

П.Нормаркнинг айтишича, партия ва номзодларни рўйхатга олиш тартибини енгиллаштириш керак. Ҳар бири киши сайловда ўз номзодини қўйиш имкониятига эга бўлиши лозим. Халқ эса кимни сайлашни яхши билади.
XS
SM
MD
LG