Линклар

Исроил Бош вазири Ариэл Шарон Ғазо минтақасидаги ҳарбий амалиёт давом этажагини билдирди.


Исроил Бош вазири яҳудийлар яшайдиган ҳудудларни Фаластин ҳудудидан туриб ракета билан ўққа тутиш хавфи бартараф этилмас экан, Исроил армияси Ғазо минтақасининг шимолий қисмида ҳарбий амалиётни давом эттираверади, деди.
Бугун эрталаб жанггарилар фаластинлик қочқинларнинг Жабалия лагеридан яна бир бор Исроилнинг Сдерот шаҳрига ракета итқитди. Қурбонлар йўқ.
Шундан сўнг Исроил вертолётлари ўша заҳотиёқ жанггарилар яширинган жойларни нишонга олиб жавоб зарбаси берди. Кейинги олинган хабарга кўра, Исроил ҳарбийлари Жабалия лагерида фаластинликларнинг “Хамас” ва “Исломий жиҳод” гуруҳлари вакилларидан уч кишини — улар портловчи мослама ўрнатмоқчи бўлган пайтда — отиб ўлдирган. Воқеа жойида, шунингдек, бир тинч аҳоли вакили ҳам ҳалок бўлган.
Исроил ҳукумати бу амалиётни пайшанба куни — Ракета билан ўққа тутилган Сдерот шаҳрида икки гўдак ҳалок бўлгандан кейин — бошлаган эди. Ҳарбий амалиёт бошлангандан кейинги вақт мобайнида минтақада 60 га яқин фаластинлик ва 5 нафар исроиллик ўлдирилди.
Фаластин ҳукумати мамлакатнинг барча ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва жаҳон ҳамжамиятини Ғазо минтақаси аҳолисига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга чақирди. Бу борада Фаластин бош вазири Аҳмад Қурей, жумладан, шундай деди:
“Исроил томонидан содир этилаётган бу жиноят минтақадаги вазиятни тинчлик йўли билан барқарорлаштиришга қаратилган халқаро ҳаракатларни йўққа чиқаради. Бу даҳшатли жиноятдир. Улар дунё ҳамжамияти кўзи ўнггида совуққонлик билан фаластинликларни ўлдирмоқда, уйларини вайрон қилмоқда. Афсуски, дунё ҳамжамияти буни кўриб туриб сукут сақламоқда”.
XS
SM
MD
LG