Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:16

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Халқ сўзи” газетасининг 28 сентябрдаги сонида Ўзбекистон Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ж.Балкибаева ва Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Й.Турсунбоевнинг “Айтилган сўз - отилган ўқ” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Муаллифлар матбуотда баъзи журналистларнинг судлар фаолиятига оид чиқишлари хусусида мулоҳаза юритиб, жумладан, қуйидаги фикрларни билдиради: “Бундай танқидий мақолаларни ўқиган газетхонда суд ҳокимиятига нисбатан ишонч сусайиши шубҳасиз. Жамиятга, ундаги бошқарув тизимига нисбатан норозилик кайфияти туғилади. Тўғри, асоссиз ёзилган мақолаларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда раддия берилиши мумкин. Аммо дастлабки мақолани ўқиб, судга нисбатан муносабати салбий томонга ўзгариб улгурган газетхоннинг кейинчалик чоп этилган раддияга кўзи тушадими, йўқми, ўқиганда ҳам унинг шуури бўлган воқеа моҳиятини тўлиқ қабул қиладими, йўқми? Масаланинг ўта жиддийлиги ана шунда”.


“Халқ сўзи” газетасининг 1 октябрь кунги сонида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Муаммонинг ечими бор” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Журналистнинг касб одоби мавзуида фикр-мулоҳаза юритган муаллиф манфаатбозлик, таъмагирлик, гуруҳбозлик, тарафкашлик яққол сезилиб қолаётган мақолалар, кўрсатув ёки эшиттиришлар ҳақида ёзади: “Бундай журналистика зинҳор обрў-эътибор қозонмайди, журналистнинг шаънини безамайди, аксинча бирники-туманга, деганларидек, битта таъмагир мухбирнинг қилиғи (бу тоифадагиларни журналист дейишга ҳам тил бормайди) минглаб покиза ҳамкасбларимизга иснод келтиради. Баъзан қандайдир хатти-ҳаракатлар бозор муносабатларига хос қийинчиликлардан, журналист нонининг қаттиқлигидан келиб чиқиб оқлашга ҳаракат қилинади.”

Муаллифнинг эътирофича, умумий ахлоқнинг, жумладан, касб одобининг моҳияти шундаки, ахлоқ нормалари одамнинг ёки кимнингдир имкониятлари билан ҳисоблашмайди.


“Моҳият” газетасининг 1 октябрь сонида журналист Бахтиёр Олломуроднинг “Йўл ва йўловчи” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистон йўллари жаҳон андозаларига монанд қурилаётганини эътироф этар экан, ҳеч қанча вақт ўтмай бу йўллар таъмирланишга муҳтож бўлиб қолаётгани ҳақида тўхталади: “Аксарият мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпчилик йўллар тўлиқ молиялаштирилмаслик оқибатида нобоп бўлаётир… Ҳозирги кунда магистраль йўлларни қуришда асфальт-бетон ва цемент-бетон йўл қопламалари учун айни пайтда ишлаб чиқарилаётган ва қўлланилаётган цемент ва бетумлар ҳажми ҳамда сифати талабга жавоб бермаяпти. Таъминланиш даражаси эҳтиёждагининг 25 фоизини ташкил этмоқда, холос”.
XS
SM
MD
LG